Сўхдаги чекка мактабга компьютер жамланмалари совға қилинди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8 августда қабул қилинган “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқувчиларни замонавий билимларни эгаллашлари учун шароитлар яратиш доимий эътиборда.
Яқинда "Сарибозорча" маҳалла фуқаролар йиғинида 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига янги 29-мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилди. 6 та мактаб компьютер синфларига эга бўлди.
Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров жорий йилнинг ноябрь ойида Сўх туманида бўлиб, “Девайрон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Умбара қишлоғида жойлашган 16-умумтаълим мактаб фаолияти билан танишган эди. Таълим-тарбия самарадорлигини ошириш учун зарур топшириқлар берганди.
Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи 3 мингга яқин аҳолининг 205 нафар фарзандлари шу мактабда таълим олишади. Айни дамда мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мактаб ўқувчиларининг замонавий билим ва салоҳиятларини янада яхшилаш мақсадида 15 та компьютер жамланмаси ва принтер туҳфа этилди.
- Туманнинг чекка ҳудудида жойлашган мактаб қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Президентимиз, вилоятимиз раҳбарининг бевосита оталиғида мактаб эшик ва деразалари, поллари, олди кўринишлари янгиланди, мактаб зали қурилмоқда. Рақамли технологиялар олиб кириш мақсадида компьютер хоналари ташкил этилди,-дейди туман халқ таълими бўлими мудири Амир Темиров. – Мактабимиз туманда ягона таълим даргоҳига айлантирилмоқда. Бундан ота-оналар, устозлар, ўқувчилар жуда хурсанд.
М. Сулаймонов, ЎзА