Сўхда ватанпарварлик тадбири ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Сўх туманида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан туманнинг Ҳушёр маҳалласи ҳудудидаги 13-, 14- ва 28-сонли умумтаълим мактабларида ўқувчилар иштирокида “Осойишта сарҳад — барчамизники” шиори остида ватанпарварлик тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида ўқувчи ёшларга ҳарбий хизматнинг мазмун-моҳияти, Ватан ҳимоясидаги масъулиятли вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, хизмат итларининг намойиш чиқишлари, замонавий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳамда оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Таъкидланганидек, бундай тадбирлар ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, тинчлик ва барқарорлик учун масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мазкур тадбир “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтказилиб, ёшларни миллий қадриятларга садоқат, қонунларга ҳурмат ва фидокорона меҳнат руҳида тарбиялашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
[gallery-26951]
Қайд этилишича, бугунги кунда юртимизда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш, уни асраб-авайлаш ва равнақига ҳисса қўшиш ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчи ҳисобланади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА