Сўхда шунақа воқеалар рўй бермоқда (+видео)
Сўх – тоғлар бағридаги жаннатмонанд макон. Туманни уч томондан тоғлар қуршаб олган. Кокилмисол, Сўх дарёси ана шу оқсоч чўққилардан оқиб тушади ва қишлоқларни иккига бўлиб туради. Сўхликлар аввалдан дарё бўйида деҳқончилик қилган. Аммо биринчидан аҳоли сони ортиб бормоқда. Яқин орада у юз мингга етиши кутиляпти. Иккинчидан, тоғлар оралиғи ва этагида бир оз ишлов берилса деҳқончилик қилиш мумкин бўлган майдонлар бор. Жавпоя шуларнинг бири. Тўғри бу ерда оқин сув, ҳатто ирмоқ ҳам йўқ. Лекин инсон иродасидан кучлироқ яна нима бор? Жавпояда замонавий, аммо синалган суғориш тизими жорий этилди.
–Тўртта насос агрегати ўрнатилиб, 5 км узунликда 220 метр баланликка сув олиб чиқилди. Бу ерга қурилган сув ҳавзаси 32 минг кубометр ҳажмга эга, – дейди Сўх тумани ҳокимининг ўринбосари Муслимбек Мавлонбеков. –Биринчи босқичда 200 гектар ер ўзлаштирилиб, бир хил навдаги “субхони” навли ўрик кўчатлари экилди.
“Нуран.уз” масъулияти чекланган жамияти қурувчи ва мутахассислари илгари бирон бир экин экилмаган Жавпояга ҳаёт бахш этдилар.

–Ҳайдов ишлари олиб борилди. Ерни булдозерлар билан текисладик. Маҳаллий халқ ҳашар қилди ва ҳокимият ҳам ёрдам берди, – дейди “Нуран.уз” МЧЖ иш юритувчиси Аҳмаджон Абдуллаев. – Сўх тумани Қайроқ массивида 200 гектар малиназор ташкил этяпмиз. Шу кунларда кўчатларни экамиз.
Бугун тоғлар бағридаги янги боғзорга қараб тўймайсиз. Саратон жазирамасида кафтдеккина майдон яшилликка бурканган. Лекин бу ҳаммаси эмас.

–Жавпоя массивида 1000 гектарга яқин майдон мавжуд. Мана бу адирнинг ортида ҳам 200 гектар ер бор. Уни шудгорлаб, экинга тайёрлаб қўйдик. Авваллари фақат қуруқ ер берилган, – дейди Муслимбек Мавлонбеков. – Президентимизнинг сўхликларга бўлган эътибори ва ёрдами туфайли ерни ўзлаштириб, тайёрлаб, кўчатини экиб, ҳатто томчилатиб суғориш тизимини ҳам жорий этгач аҳолига бепул тарқатиб берилди.

Жавпоядаги янги боғ Қалача, Ғазноб, Тул, Соҳибкор маҳаллаларидаги 400 нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, ишсиз ёшларга берилди. Йиллик экинлар яшнаб ётибди, ҳосили кўзга ташланиб қолди.
–Мана шу кўчатларни май ойида экдик. Ернинг унумдорлиги ва томчилатиб суғориш туфайли кўчатларнинг барчаси тутиб қолди. Уларнинг тагига тарвуз, дуккакли экинлар экилди. Улар ҳам ҳосилга кирди, – дейди “Сўх келажаги бунёдкори” кооперацияси вакили Полвон Обидов.
Тоғ оралиғидаги Жавпоя яйловларида янги ўзлаштирилаётган майдонлар ҳам худди шу ҳолатда Сўхнинг бошқа, аммо яқин ҳудуди аҳолисига бўлиб берилади.
Қурувчилар Жавпоядаги ишлар якунлангач Сўхнинг Қайроқи массивига келдилар. Бу ерда ҳам Жавпоядаги каби сув ҳавзаси бунёд этилди. Ер ўзлаштиришиб, томчилатиб суғоришни жорий қилишмоқда.
Қайроқи майдони шундоқ тоғ этагида эмасми, об-ҳавоси мўътадил. Мутахассислар бу ерларга нисбатан салқинсевар малина экишмоқчи. Ҳолбуки, Сўхда ҳали ҳеч қачон бундай экин бўлмаган. Демак, ҳали одамларни малиначиликка ўқитиш, ўргатиш ҳам керак.
–Ҳозир биз Назат тоғ этагида турибмиз. 230 гектар майдон ҳайдалиб малина экиш учун тайёрлаб қўйилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги туман бўлими бошлиғи Юсуфжон Усмонов. – Илгарилари бу ерга лалми усулида буғдой экиларди. Чунки сув йўқ эди. Шунинг учун бу майдонлар “қайроқи” деб аталган. Катта сув ҳавзаси қурилди. 70 гектарга томчилатиб суғориш жиҳозлари қўйилди. Ҳавзага сув олингач майдонларни суғорамиз ва кўчатларни экишни бошлаймиз.
Ҳа, “Нуран.уз” МЧЖ Словакиядан дастлабки 500 минг туп юқори ҳосилли малина кўчатларини келтириб, совуқхонада сақламоқда. Томчилатиб суғориш тизимидаги ишлар якунлангач, дастлабки 77 гектар майдонга малина кўчатлари экилади ҳамда эхтиёжманд сўхлик оилаларга бўлиб берилади.
Сўхда шунақа воқеалар рўй бермоқда.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/ppgfUH5J4E4" title="Сўхда шунақа воқеалар рўй бермоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео)
ЎзА