Сўхда давлат архивининг янги биноси очилди
Анклав ҳудудда жойлашган Сўх тумани давлат архиви узоқ йиллардан буён турли ташкилотларда ижарада туриб, фаолият юртиб келаётган эди. Бу эса архив ҳужжатларини жамлаш, сақлашда қийинчиликлар туғдирар эди.
Эндиликда бу муаммо бутунлай бартараф этилди. Туман давлат архиви учун янги бино бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизда архив ишини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда.

Архив ходимлари ва фойдаланувчилар учун қулай шароитлар яратилаётир. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида қурилган мазкур архив биноси ана шу ишларнинг узвий давомидир. Лойиҳа давлат архивининг бюджетдан ташқари маблағлари, қолаверса, Фарғона шаҳар шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивининг кўмаги ҳамда ҳомийлар ҳисобидан қуриб битказилди.

–Айни кунда туман давлат архиви бўлимида 4 нафар ходим фаолият олиб борамиз. Замонавий тарзда жиҳозланган сақлов хонасида 5 минг донадан ортиқ ҳужжатлар сақланади. Шундан 3 минг 600 таси бошқарув, 1 минг 400 таси шахсий таркиб ҳужжатлари ҳисобланади, – дейди туман давлат архиви директори Абулҳай Нимонов.

Тадбирда сўзга чиққан "Ўзархив" агентлиги директори Улуғбек Юсупов, Сўх тумани ҳокими Сайидбаҳром Сайидмусаев мамлакатимизда “инсон қадри учун” деган ғоя сўхликлар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топаётганини таъкидлашди. Хусусан, замонавий давлат архивининг янги биноси фуқароларга сифатли хизмат кўрсатишда катта қулайлик бўлганлиги эътироф этилди.
Бу ердаги хоналарга замонавий жиҳозлар, компьютер жамланмалари, интернет тизими, кузатув камералари ўрнатилган. Шунингдек, агентлик директори иштирокида туман давлат архивида жисмоний ва юридик шахслар учун сайёр қабул ташкил этилди. Унда фуқаролар ўз масалалари бўйича аниқ ва батафсил жавоб олди.
М. Сулаймонов, ЎзА
Қодиров олган сурат