
Заъфарон инсон организми ҳужайраларини озиқлантириш билан бирга, терини силлиқлайди, рангини тиниқлаштириб, хотира ва ақлий фаолиятни яхшилайди, кайфиятни кўтаради. Шунингдек, кўплаб касалликларни даволовчи шифобахш хусусиятга эгалиги билан тиббиётда алоҳида ўрин тутади.
Фарғона вилояти Сўх туманининг пурвиқор тоғлари бағрида танга даво бўлган минг турдаги гиёҳлар ўсади. Ерлик аҳоли табиатан меҳнаткаш инсонлар эмасми, улар етиштираётган ноёб ва камёб бўлган заъфарон бугун экспортбоп маҳсулот сифатида туманнинг ташриф қоғозига айланмоқда.

2022 йилда яхши ният билан 5 гектар ер майдони заъфарон етиштириш учун ажратилган эди. Дастлабки йилда 5 килограмм ҳосил олинган бўлса, орадан икки йил ўтиб, 20 килограммдан ортди. Туманда заъфарон парваришининг йўлга қўйилгани нафақат қимматбаҳо маҳсулот олиш, балки чекка ҳудудда мавсумий янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг даромад манбаини кенгайтириш имконини берди. Ўтган йилда ҳосилни йиғиштириб олишга 40 нафарга яқин фуқаро жалб этилган бӯлса, ҳозир 10 дан ортиқ хотин-қизлар сотувга тайёрланаётган маҳсулотни қадоқлашмоқда.

Эндиликда Сўх заъфарони ички бозордан ташқари, хорижий давлатларга ҳам сотилмоқда. Жумладан, Кувайт давлатига 20 килограмм маҳсулот етказиб бериш учун 300 минг АҚШ долларилик шартнома имзоланди. Айни кунларда махсус қадоқланган заъфаронни ҳамкор давлатга юбориш ишлари бошланди.
– Жорий йилда туман бўйича 8,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги, 7,5 миллион долларлик саноат маҳсулотларини ташқи бозорга чиқариш режалаштирилган. Заъфароннинг чет давлатларга экспорт қилиниши, шубҳасиз, Сўхнинг бу соҳадаги салоҳиятини оширишга хизмат қилади, – дейди туман ҳокими ўринбосари Адҳам Сафаров.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА