Сотқинликми ёки жамоатчилик назорати?
Мулоҳаза
...Тезлик 128 км/соат. Магнитофондан таралаётган куй (агар шуни куй деб бўлса) қулоқни қоматга келтиргудай. Машина моторининг овози эшитилаётган мусиқадан-да баланд. Камига кескин қайрилишлар...
Орқа ўриндиқда икки кишимиз. Машинага қўшилиб, иккимиз ҳам у ёқдан бу ёққа бориб келяпмиз. Кўзим спидаметр кўрсаткичига, юрагим эса товонимга тушади. Киноларда кўрганим хавфли трюклар ҳозир кўз ўнгимда содир бўляпти. Тўғрида эса чорраҳа! Ҳайдовчи светофорнинг сариқ чироғида ўтиб кетмоқчи бўлиб, газни охиригача босди: улгуролмади. Бу гал тормозни босди. Машина анча жойгача сирпаниб, тўхташ чизиғидан ўтибгина ғилдираклари асфальтга «ёпишди». Хайрият-е! Шу пайт орқамиздан келиб тўхтаган машинанинг ён ойнаси очилиб, кимдир биз ўтирган уловни мобиль телефонида тасвирга ола бошлади.
– Ака, тирикчилик қилишга бошқа иш тополмадингизми? Уялинг-е! – дея таксичи тасвирга олаётган киши билан айтишиб кетди.
* * *
Сўнгги йилларда қонунчилигимизда фуқароларнинг қоидабузарликлари ҳақида тегишли ташкилотларга маълумот берганларни рағбатлантириш бўйича бир қатор нормалар қабул қилингани сизу бизга аён. Ушбу вазиятга икки томонлама ёндашилмоқда: бир томон буни қоидабузарларга қарши курашишнинг ривожланган давлатлар тажрибасига таяниб жорий этилган замонавий усули деса, бошқа томон чақимчилик, сотқинлик, хоинлик дея баҳоламоқда. Хўш, қарашларнинг қай бири тўғри? Келинг, ушбу фикрларнинг маънавий-ахлоқий ҳамда тарихий илдизларини таҳлил қилиб кўрсак.
«Чақимчи – бирон кимсанинг сирини очувчи, бировлар устидан махфий хабар етказиб турувчи шахс каби маъноларни билдиради» («Ўзбек тилининг изоҳли луғати», 2020 йил, 4-том, 466-бет).
Интернет тармоғининг викил луғатида эса информатор атамаси давлат муассасаси, жамоат жойлари ёки хусусий корхоналарда мавжуд ёхуд эҳтимолли қоидабузарликлар ҳақида хабар етказувчи шахс деб аталади, дейилган.
Сабаби нимада?
Нега жамиятдаги қоидабузарликлар ҳақида хабар берганларни чақимчи, терпила, писарь деб камситамиз? Қонунбузарликни кўра-била туриб, тегишли идораларга хабар беришдан кўра, «оч қорним – тинч қулоғим» принципида иш тутиб, жим туришни афзал биламиз? Эҳтимол, бунинг асослари тарихий илдизларга бориб тақалар. Улардан энг асосийларини келтириб ўтсак.
Биринчи сабабни 80–90-йиллар криминал дунёсининг ижтимоий ҳолати билан боғлашимиз мумкин. Ўша даврда жиноят олами вакилларининг обрўси ортиши натижасида «кўча» тартиблари пайдо бўлиши ва жиноий тўдабошиларнинг давлат ишларига аралашиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Ёзилмаган қонун дея тилга олинадиган «кўча» тартибларига бўйсуниш давлат қонуниятларига риоя қилишдан кўра афзалроқ бўлган бир даврда қоидабузарликлар ҳақида тегишли органларга маълумот етказган шахслар аксар ҳолларда «хоин» сифатида кўрилиб, «вор в законе»лар томонидан шафқатсиз «суд» қилинган. Натижада «кўча» маданиятининг ажралмас бир қисми бўлган давлат органларига маълумот етказмаслик, муаммоларни ўзига хос ёзилмаган қоидалар асосида ҳал этиш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилганларни қоралаш одатлари пайдо бўлди. «Хабар етказган – сотқин». «Қонунга итоат эмас, нимагадир ё кимгадир садоқат муҳим». Шу каби «ақидалар» авж олиши натижасида ёзилган қонунлар эмас, ёзилмаганлари ишлай бошлаб, виждонга, қонунга ва ҳуқуқий жамиятга эмас, балки айрим шахсларга садоқат катта аҳамиятга эга бўлиб борган.
Аста-секин бу одатлар анъанага айланиб, миллат руҳига сингиб борди ва дунё амал қиладиган тартиблар ғайриоддий, нотўғри ишдек тушунилиб, тушунчалар ўрни алмашиб қолишига олиб келди. Ҳозир ҳам жамиятдаги кўпчиликнинг ана шу «вор в закон»лар истеъмолга киритган тушунчалар таъсирида эканини кўриш мумкин. Аммо, бугун жамиятимизда кўча тартиб-қоидалари, гуруҳбозлик каби ҳолатларнинг сояси ҳам йўқ. Фуқароларимиз қоидабузарлик ҳолатларини тегишли органларга қўрқмасдан хабар қилишлари мумкин. Аммо шахсий кузатувларимиз шуни кўрсатмоқдаки, юртдошларимиз кўпгина ҳолатларда жим туришни афзал билади.
Жамиятимизда қоидабузарлик ҳақида хабар берганларни мукофотлаш тизими жорий этилганидан сўнг турли қарашлар шаклланди. Кимдир буни ёқласа, яна кимдир қоралади
Дунё тажрибасида-чи?
АҚШ ҳамда Европа мамлакатларида давлат ва хусусий секторда турли хил жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида суд қарори билан мусодара қилинган мулкдан маълум қисми жиноят ҳақида хабар етказувчига тўлаб берилади. Ривожланган давлатларда қонунбузарликлар ҳақида хабар бериш нафақат қонунчиликда белгилаб қўйилган, балки жамиятда ҳам нормал ҳолат сифатида қабул қилинади. Албатта, уларга нисбатан муносабат доим ҳам ижобий бўлавермайди. Шу сабабли «вистлбловер»ларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун миллионлаб пул сарфланади. Натижада қонунбузарлик ҳақида берилган маълумот туфайли давлат кўриши мумкин бўлган анчагина зарарнинг олди олинади.
Бир нарсани унутмаслик керак: ҳар қандай маълумот ҳам факт бўлавермайди. Хабар етказувчи фақат далил бериши мумкин. Унинг тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш ва адолат ўрнатиш фақат давлат зиммасидадир. Шунинг учун ҳам жамоатчилик назорати юқори бўлган жамиятда қоидабузар ҳаққоний жавобгарликка тортилади, хабар етказувчи эса бу адолатнинг юзага чиқишига ёрдам беради, деб қаралади. Бизнинг жамиятда эса негадир бунинг акси. Яъни қоидабузарлик ҳақида хабар бериш – ўзиникиларни сотиш. Хабар берганни худди уятли иш қилгандек таҳқирлаймиз. Бунинг исботини юқоридаги ҳолатда ҳам кўришимиз мумкин. Чунончи, қонунга, тартибга итоат қилиш эмас, нимагадир ёки кимгадир садоқати муҳим.
Натижада эса...
Ривожланган давлатларда ички аудитга ўхшаш жамоатчилик назорати деган тизим шаклланган. Бу орқали жамиятдаги қонун ҳамда ижроия органларининг фаолияти мувофиқлаштириб борилади. Самараси эса оддий. Кишилар қоидабузарликлар ҳақида хабар етказишни қонуниятларда келтирилган тартиб сифатида эмас, балки фуқаролик мажбурияти деб билади. Дунёга назар солсангиз, ривожланган жамиятларнинг барчаси кучли фуқаролик позициясига эга.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, муаммонинг барини давлат зиммасига юклайвериш, ундан имдод кутиб ўтиравериш ҳам ечим саналмайди. Давлат – ҳаммамиз. Қонунларга риоя қиладигану қилмайдиган фуқаролар ҳам давлатнинг таркибий қисми. Кўчаларга ташлаб кетилаётган чиқинди, сигарета қолдиғи ёки йўллардаги қоидабузарлик ҳақида хабар бериш билан биз «козёллар» жамиятига айланиб қолмаймиз. Аксинча кучли жамоатчилик назорати тушунчаси шаклланишига, амалда ишлай бошлашига ва энг муҳими, бу инсонлар ҳаётида акс этишига олиб келади. Бундан эса барчамиз бирдек манфаатдор бўламиз.
Шерзод ЭГАМБЕРДИЕВ,
ЎзЖОКУ ҳарбий журналистика
йўналиши талабаси
ЎзА