Статистика агентлиги маълумотларига кўра, жорий йил давомида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулот (хизмат)ларининг умумий ҳажми 292,7 триллион сўмни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 104,1 фоиз ёки мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 23,7 фоизини ташкил этган.
Картошкачилик соҳаси салоҳиятини ошириш, янада юқори, барқарор ҳамда сифатли маҳсулот етиштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Ўрганишларга кўра, аҳоли истеъмоли учун мамлакатимиз ҳудудларида етиштириладиган картошкага талаб юқори экани аниқланган. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча имкониятларни тўлиқ ишга солиш ҳамда соҳани тубдан ислоҳ қилиш, аҳолининг картошкага бўлган талабини қондириш, уруғчилик тизимини йўлга қўйиш, сақлаш, чуқур қайта ишлаш ва қўшимча қиймат занжирини яратиш бўйича давлат томонидан имтиёзлар берилиб, бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилшодбек Назировнинг таъкидлашича, республиканинг 40 та туман ҳудудлари картошка етиштиришга, 23 таси уруғлик картошка етиштириш ва 9 та туманнинг 39 та ҳудуди супер элита уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилди. Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида бир қатор ижобий ишларга эришилди. Жумладан, “Бўстонлиқ картошкачилик маркази” кластер тизими асосида яхлит плантация майдонларида картошка етиштириш йўлга қўйилган. Натижада 2019-2020 йилда 700 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва механизациялаштириш тизимини жорий этиш ҳисобига гектаридан ўртача 40-45 тонна ҳосил олишга эришилган.
Дунёда 156 дан ортиқ мамлакатда ҳар йили 376,9 миллион тоннадан зиёд картошка етиштирилади. Энг йирик ишлаб чиқарувчи давлатлар Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, АҚШ, Германия, Бангладеш, Польша, Франция ва Голландия ҳисобланади. Республикада ҳам ўтган 2022 йилда барча тоифадаги хўжаликларда 3,4 миллион тонна картошка етиштирилган. Шундан 2,9 миллион тоннаси истеъмол учун, 546 минг тоннаси уруғлик учун ишлатилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимиз мураккаб иқлим шароитида жойлашгани сабабли картошка етиштириш қийин. Айнан мавжуд муаммолар инобатга олиниб, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос, касалликка, иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли эртаки, ўртаки ва кечки юқори ҳосил берадиган навларини яратиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар, Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган ва Қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига картошканинг 152 та нави киритилган. Шундан 19 та нав маҳаллий илмий-тадқиқот институтлари томонидан яратилган.
Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратишда Бутунжаҳон картошкачилик маркази (CIP) билан ҳамкорлик йўлга қўйилган ва ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият берилмоқда.
Шунингдек, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.
Жорий йилда барча тоифа хўжаликларида 270,9 минг гектар, шундан фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 175,7 минг ҳамда деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида 95,2 минг гектар картошка экилган. Барча тоифа хўжаликлари томонидан 4,1 миллион тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилган. Сўнгги 9 ойликда барча тоифа хўжаликларида 2,7 миллион тонна картошка етиштирилган. Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан картошканинг янги серҳосил Суря, Спунта, Раноми, Пассион, Малис, Луизана, Ореа ва Констансе каби юқори авлодли хорижий картошка навлари экилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА