Сўнгги сўзни суд айтиши керак
Ҳуқуқий давлат қурар эканмиз, ҳар бир масала қонуний ҳал этилишига ўрганишимиз керак. Амалдаги қонунларимизда ҳам қонун устувор, жазо муқаррарлиги тамойили мужассамлаштирилган.
Ҳеч бир қонун ҳеч бир шахсга бошқаларни ўз билганича жазолашига (“самосуд” қилишига), турли кўринишдаги таъсир ўтказишига рухсат бермайди.
Ушбу мавзу ҳақида Адлия вазирлиги масъул ходими Дилмурод Ражаббоев билан суҳбатлашдик.
– “Самосуд” ҳақида қонунларда қандай тақиқлар бор?
– Қонунчилигимизга кўра, бирорта жиноят қилган шахснинг хатти-ҳаракатлари судда, ошкора кўрилиб, суд томонидан унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди.
Яъни сиз кимнингдур бевосита қотиллигига ўз кўзингиз билан гувоҳ бўлган бўлсангиз ҳам, қонун сизга у шахсни жиноятчи, айбдор деб аташингизга рухсат бермайди. Сўнги сўзни фақат суд айтади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни ҳам уларнинг тури ва даражасига қараб турли идоралар ва судлар томонидан кўриб баҳо берилади.
– “Самосуд” учун қандай жавобгарлик бор?
– Авваламбор, “самосуд” қилганлар ўз ҳаёти ва соғлиғини хатар остига қўяди. Ҳар қандай “самосуд” учун хоҳ у енгил бўлсин хоҳ оғир – жавобгарлик бор.
“Самосуд” натижасида кўп миқдорда зарар (БҲМнинг 300-500 бараваригача) етказилса, у жиноят деб баҳоланади ва БҲМнинг
50 бараваригача (13 миллион 500 минг сўмгача) жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Албатта, бунда жарима ёки бошқа жазолардан ташқари етказилган зарар ўрнини ҳам қоплаш керак бўлади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда “самосуд” қилиш оқибатида бошқаларнинг манфаатларига жиддий зарар ёки зиён келтирганлик учун жазо белгиланган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Самосуд” натижасида фуқарога тан жароҳати етказилса, унга нисбатан туҳмат, ҳақорат, товламачилик қилинса, Жиноят кодексида белгиланган бошқа жазолар ҳам қўлланилади.
– Ўзини-ўзи ҳимоялаш ҳам “самосуд”ми?
– Кимдир сизга ёки бошқа шахсларга тажовуз қилганида ўша тажовузни қайтариш чораларини кўришингиз мумкин, бу “самосуд” ҳисобланмайди.
Тажовузнинг хусусияти ва хавфлилиги даражасига бутунлай мувофиқ келмайдиган мудофаа зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилади. (масалан, дарахт шохи билан тажовуз қилган шахсга пичоқ билан ҳужум қилиш).
– “Самосуд” ҳақида хабар бериш тартиби қандай?
– Жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарликларга гувоҳ бўлганда, ваколатли органларга, прокуратура (1007), ички ишлар (102), миллий гвардия ёки бошқа органларга мурожаат қилиш энг мақбул ечим ҳисобланади.
Қонунчиликда айрим ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар қилганлик учун мукофот пули берилади. Хусусан, йўл ҳаракати қоидаларига оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида eJarima портали орқали хабар берилади ва БҲМнинг 5 фоизи (13 минг 500 сўм) миқдорида;
Дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлашга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида Давлат экология қўмитасига хабар берилади ва БҲМнинг 1 бараваригача (270 минг сўм) миқдорида;
Лицензиясиз ёки рухсатномасиз, хабарнома юбормасдан шундай ҳужжатлар талаб қилинадиган фаолият билан шуғулланганлик тўғрисида лицензия, рухсатнома бериш ваколатига эга органларга (масалан, хусусий нотариуслар бўйича Адлия вазирлигига) хабар берилади ва ундирилган жариманинг 10 фоизи миқдорида;
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берилганда ҳуқуқбузарлик туридан келиб чиқиб БҲМнинг 7 бараваригача (1 млн 890 минг сўм) миқдорда;
Давлат молиявий назоратига оид қоидабузарликлар тўғрисида “Давлат аудити” тизими орқали хабар берилади ва ундирилган жаримадан келиб чиқиб мукофот пуллари тўланади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, жамиятда муаммоларни фақат ҳуқуқий воситалар асосида ҳал қилиш ҳар биримизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқишига замин яратади.
Н.Абдураимова, ЎзА