“Сўнгги қўнғироқ”дан кейинги ўйлар
“Тошкент шаҳар Олмазор тумани 46-мактаб ўқитувчиси Нафисахон Усмонова ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасидаги кўп йиллик самарали ва ҳалол хизматлари учун ушбу фахрий ёрлиқ билан тақдирланади.”
Мактабда салкам 50 йил ўқитувчилик билан шуғулланган Онажонимнинг умр бўйи орттирган ягона меҳнат мукофоти – биргина фахрий ёрлиқда ана шундай сўзлар битилган... Нега буларни айтаяпман?
Юзлаб, минглаб устоз-педдагоглар бугун касбидан барака топиб, меҳнатининг роҳатини кўрмоқда. Кейинги йилларда мактаб соҳасида эллик йил эмас, ўн йилнинг нари берисида самарали меҳнат қилган устоз педагоглар борки, бари 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Ватанимизнинг юксак орден ва медаллари, мўътабар унвонлари билан тақдирланиши эндиликда шонли анъанага айланган. Ўқитувчиларнинг ижодий салоҳиятини баҳолашни мақсад қилган кўплаб маърифий танловлар, лойиҳалар жорий этилди. Бу анъана ҳар бир муайян даврда устозларга қаратилаётган эътиборни таққослашга имкон бериши билан диққатга сазовор. Заҳматли меҳнати билан фидойиликни, ҳалолликни ҳаёт шиорига айлантирган минглаб устозларнинг борлиги қанчалар яхши.
Аслида ҳар йили “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари 25 май куни бўлиб ўтарди. Бу йил шу кун якшанбага тўғри келгани сабабли 24 майда мамлакатимизда катта шоду хуррамлик билан тантана қилинди.
Онажоним гарчи нафақада бўлсалар-да, 25 майни ҳаяжон, ҳавас, ҳайрат ва бироз хомушлик билан кутиб олар эдилар. Сабаби, ўз касбини астойдил яхши кўрган, унга садоқат билан хизмат қилган ўқитувчи борки, 25 майни ўзгача ҳаяжон билан нишонламаслигининг иложи йўқ. Зеро, ҳар битирувчи ўқитувчи меҳнатининг натижаси, заҳматларининг самараси саналади.
Мактабда ўқитувчи етишмаслиги сабабли Ойим адабиёт, ҳам бошланғич таълимдан дарс берар эдилар. Билими пастроқ ўқувчиларни дарсдан сўнг олиб қолиб, улар билан қўшимча машғулот ўтказардилар ва бу қўшимча машғулотларни мутлақо бепул асосда олиб борар эдилар. Уйга чарчаб-ҳориб, овозлари бўғилиб келган Онажонимдан ранжиган бўлиб, “Ойи, сизга дарсдан сўнг текиндан-текинга қўшимча юкламанинг нима кераги бор?”, деган саволимга қуйидагича жавоб олардим. “Фалончи сал камхарж, серфарзанд оиладан, фалончи ўқувчининг отаси ўтиб қолган, яна бировининг онаси мактаб ҳовлисини чиннидек саранжом-саришта қилиб, шунинг орқасидан рўзғор тебратади, боласига дарс мавзуларини етказиб олишда ёрдамлашишни илтимос қилишади-да”. Эҳтимолки, бу ўқувчилар академик бўлиб, минбарларнинг тўрига чиқиб кетмагандир. Лекин улар оддий врач, ишчи, техник ходим, новвой, пазанда, муҳандис бўлиши билан бирга ўз устозидан – Ойижонимдан одамийлик, меҳнатсеварлик, тўғрилик, ҳалоллик сабоғини олгани аниқ!
Онажонимнинг заҳматли меҳнатлари туфайли ўша даврнинг ўқитувчилар учун яна бир бош оғриқли ғалвасидан қайсидир маънода хабардор эдим. “Микроучастка” деб ном олган бу юклама ўқитувчилар учун ҳақиқий маънодаги оворагарчиликлар, ғалванинг кони эди. Маҳалладаги муайян ҳудудлар ҳар бир ўқитувчига бўлиб берилиб, унда жойлашган хонадонларда истиқомат этувчи ёшлар қаерда ишлаяпти, қаерда ўқишни давом эттираяпти, буларнинг бари ҳақида ўқитувчи тўлақонли ва ҳаққоний маълумотномалар тўплаши керак эди. Бу дегани – ҳар бир ёш ўқийдиган техникум, билим юрти, меҳнат ташкилоти, олий ўқув юртидан ўша ўспирин, йигит ёки қизнинг чиндан ўқиши ёки ишлаши ҳақида маълумотнома олиш керак эди. Ойим дарсдан сўнг баъзан ана шундай микроучасткада уйма-уй, техникумма-техникум юриб, маълумот тўплаш билан банд бўлиб қолардилар.
Уйга қайтгач, рўзғор юмушларини тинчитиб, кечаси қалин-қалин дафтарларга конспект, кунлик, ҳафталик, ойлик, йиллик режаларни ҳар бирини алоҳида-алоҳида ёзиш билан банд бўлар эдилар. Ўқув йили якунида эса синфхоналарининг ремонти ҳам ўқитувчи зиммасида эди... Ижтимоий объектларнинг қурилиши якунлангач, уларни тозалаш, “бинойидек” кўринишга келтиришга ҳам албатта, ўқитувчилар масъул эди. Бу ташвишлар ўз даврида барча ўқитувчиларнинг бошида бор эди!
Бугун ўқитувчиларга эътибор мутлақо ўзгарди. Бундай муносабат, эътибордан педагогларнинг димоғи баланд, уларнинг ижтимоий мавқеи ва мақоми ҳам аввалги йиллардан мутлақо фарқланади. Ҳар йили “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини жойлардаги мактаблардан репортаж тарзида ёритамиз. Ҳар йили ҳеч қандай муболаға ва истисносиз шундай ҳолатга дуч келамиз. Ҳолат шуки, шарлару гуллар билан безатилган мактаб ҳовлисида албатта, қўғирчоқдек ясанган ўқитувчининг баланддан келган сўроқ-саволига рўпара бўламиз. “Ҳаа, сиз кимсиз? Родителмисиз (ота-онамисиз, демоқчи) , ҳув нариги четга ўтинг, ҳозир бу ерга катталар келишади, ҳадемай байрам бошланиб қолади!”. Ўзимни таништиргач эса муомала-муносабат сал ўзгаргандек бўлади. Майли-да, ўқитувчилар баланддан келса ҳам, ҳар ҳолда жамиятда устозларнинг обрўси, нуфузи юқори бўлгани яхши.
Фақат ягона истак, тилак шуки, давлат ва жамият томонидан ҳурмат кўрсатилаётган ўқитувчиларимиз ана шу эътибор ва ҳурматнинг, яратилаётган шароитларнинг қадрига етсинлар! Зеро, улар таълим-тарбия бераётган авлод эртага юртга эгалик қилади! Мамлакатнинг тараққиёти, ривожланиши, хавфсизлиги, осойишталиги ана шу авлоднинг қўлида бўлади!
Назокат Усмонова, ЎзА