Бухорода тадбиркорлик субъектларига “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида кўрсатилаётган амалий кўмак ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ҳудудда қўшимча янги иш ўрни яратилиши ҳамда бюджетга қўшимча маблағ келиб тушишига хизмат қилаётир.
Бухоро шаҳрида яқин орада йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси яна биттага кўпаяди. “Shopping Karvon Center Home Market” МЧЖ негизида йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси ишга тушади. Натижада, бу ерда 6 мингга яқин қўшимча иш ўрни яратилади. Бу бюджетга йиллик 5 миллиард сўмга яқин тушум келиб тушишини таъминлайди. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасида 1 минг 500 дан ортиқ кам даромадли оилаларга қўшимча даромад манбалари яратилади.
Мазкур корхона ва Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилган. Хусусан, корхонага бириктирилган давлат солиқ хизмати органлари масъул ходимлари уларга солиқ маъмурчилиги йўналишида яқиндан кўмаклашмоқда. Давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг кўмаги билан корхонага 2022 йилда харид қилган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг ҳисобга олинган 6 миллиард сўмга яқин қисми қайтариб берилди.
Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизматидан олинган хабарга кўра, Бухоро шаҳрида жорий йилнинг ўтган даврида жами 4 минг 153 та корхонанинг муаммолари ўрганилди. Шундан 4 минг 72 та корхона кўмаклашиш зарур бўлганлар тоифасига киритилди. 1 минг 10 та корхонага дастлабки бухгалтериясини юритишга кўмаклашилди.
Зариф Комилов, ЎзА