“Солиқчи - кўмакчи” тамойили амалда
Бухоро шаҳар “Саноатчилар” кўчасида фаолият юритиб келаётган “Камалак Шабнам текс” корхонаси маҳсулотларига бугун ички бозорда талаб катта. Айни пайтда 186 нафар ишчи ходим меҳнат қилаётган корхонага қўшилган қиймат солиғи тўловчи ҳамкорлар билан ишлаш анча самарали бўлмоқда.
Корхонага бириктирилган давлат солиқ хизмати органлари ходимлари “Солиқчи– кўмакчи” тамойили асосида корхонанинг дастлабки бухгалтериясини юритиш, айниқса, қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш тартибларини тушунтиришда тадбиркорнинг доимий маслаҳатчиси бўлиб келмоқда.
Яқинда анна шу маслаҳатлардан унумли фойдаланган корхонага 2020 йилда харид қилган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғининг ҳисобга олинган 1 миллиард 908 миллион сўм қисми қайтариб берилди. Ушбу маблағ корхонанинг янада барқарор фаолият юритишига хизмат қилади. Жорий йилнинг 2 чорак якуни бўйича эса 1 миллиард 658 миллион сўмни ташкил этди.

Бугунги кунда давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркорларнинг кўмакчиси ва бизнес ҳамкори сифатида иш олиб бормоқда. Уларга кредитлар ажратиш, дастлабки бухгалтериясини юритиш, солиқ имтиёзларини қўллаш тартибларини тушунтиришда тадбиркорларнинг доимий маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Бухоро вилояти ДСБ матбуот хизматининг хабарига кўра, “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекцияси масъул ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида жами 1 минг 200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектининг турли муаммоларини ҳал этишда амалий кўмак берилди.
Дастлабки бухгалтериясини юритиш бўйича 288 та корхонага, солиқ имтиёзлари ва уларни қўллаш тартибини тушунтириш борасида 107 та корхонага ҳамда иқтисодий қийинчиликка дуч келган 10 га яқин корхонага кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.
Зариф Комилов,
ЎзА