Солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳақида семинар
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан солиқ қонунчилигидаги ўзгартишлар” мавзусида семинар ташкил этилди.
2023 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни билан Солиқ кодексига киритилган қатор ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида маълумот берилди.

Солиқ кодексининг тегишли моддалари билан солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни сақлаш, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш, ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида ариза бериш муддати беш йилдан уч йилга туширилди. Шунингдек, Солиқ кодексининг трансферт нархини белгилашда солиқ назорати тўғрисидаги 194-моддасида текшириш ўтказиш муддати текширув ўтказиш тўғрисидаги қарор чиқарилган йилдан аввалги “беш” календарь йилдан “уч” календарь йилига қисқартирилди.

– 2024 йилнинг 1 апрелидан дори воситалари, шунингдек, ветеринария дори воситалари, тиббий ва ветеринария хизматлари бўйича ҚҚС бўйича берилган имтиёзлар бекор қилинади, – дейди Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шуҳрат Исмоилов. – Бунда “Ижтимоий реестр”га киритилган фуқароларга ҚҚС суммаси (12 фоиз)ни “кэшбек” сифатида қайтариш механизми яратилади. Шунингдек, Солиқ кодексининг 100-моддасидаги Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартларига камерал солиқ текширув натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан олти ой мобайнида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилди. Солиқ кодексининг Камерал солиқ текширувлари тўғрисидаги 138-моддаси солиқ тўловчининг ҳудудига кириш, солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш, солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш, солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш каби қисмлар билан тўлдирилди.

2024 йил 1 январдан тамаки маҳсулотлари акциз солиғи ставкаси 12 фоизга индексация қилинган бўлса, этил спирти ишлаб чиқариш акциз солиғи ставкаси 2 баробарга оширилди.
Яна бир ўзгариш шундан иборатки, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиққа тортилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни Солиқ кодексида белгиланган тартибда тўлайди.

Мазкур ўзгариш якка тартибдаги тадбиркор ва ўз-ўзини банд қилган шахслар учун солиқ солишда тенг шароитлар яратиш мақсадида киритилди.
Семинарда қонунчиликка киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида батафсил маълумот берилиб, солиқ тўловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири