Солиқ тизими: имтиёз ва имкониятлар
Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан солиқ қонунчилигига киритилган янгиликларни тадбиркорларга етказиш мақсадида семинар ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 сентябрда қабул қилинган «Солиқ тўловчиларни ҳисобга олишни янада такомиллаштириш ва қўшилган қиймат солиғининг ўрнини қоплаш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди.
– Бугунги кунда Қашқадарё вилоятида 14 минг 865 та қўшилган қиймат солиғи тўловчилари мавжуд, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи Миробид Зиёдов. – Айтиш керакки, ушбу қарор солиқ маъмурчилигининг янги босқичини бошлаб берадиган концептуал ҳужжатдир. Унга кўра қатор янгиликлар амалиётга киритилмоқда. Тадбирда ҚҚС тўловчиларни солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш солиқ хавфини баҳолаш асосида амалга ошириш, активларни ҳисобга олиш механизми – “E-aktiv AAT”, кўчмас мулк ижара шартномаларини ҳисобга қўйиш тизими – “E-ijara” интерактив хизматлари ва уларнинг солиқ маъмурчилигини соддалаштиришдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, семинарда электрон ҳисобварақ-фактура ҳамда маҳсулот ва хизматларнинг ягона классификатори тизимида янги имкониятлар яратилганлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Иштирокчиларга мутахассислар томонидан соҳага татбиқ этилаётган янги рақамли хизматлардан фойдаланиш тартиблари тўғрисида тайёрланган тақдимотлар орқали тушунчалар берилди.
[gallery-4972]
Семинар учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтиб, тадбиркорлар олдидаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечимлари, ҳудудда бизнес муҳитини янада яхшилаш бўйича таклиф ва ташаббуслар муҳокама қилинди. Ўртага ташланган таклифлар, интизомли тадбиркорларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган айрим салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва амалий ечимлар берилди.
Учрашув сўнггида «Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи» тамойили асосида олиб борилаётган манзилли ишлар соҳадаги янгиликлар ва тадбиркорлик фаолияти юритилишида учраётган муаммолар очиқ ва юзма-юз мулоқотларда солиқ хизмати органлари тадбиркорларнинг яқин ҳамкори ва маслаҳатчисига айланиб бораётганлиги таъкидланди.
– Биз бугунги семинардан қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар, янгиликлар ҳақида маълумотларга эга бўлдик, – дейди бош ҳисобчи Наргиза Собирова. – Соҳа мутахассисларидан ўзимизга керакли маслаҳатларни олдик. Бу келгуси фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу мавзуда семинарлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам ўтказилиши белгилаб олинди.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА