Бухорода Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар учун солиқ соҳасидаги янгиликларга бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Давлат солиқ қўмитаси вакиллари йиғилганларга солиқ солиш соҳасида 2021 йилдаги асосий ўзгаришлар ҳақида кўргазмали материаллар ёрдамида батафсил маълумот берди.
Таъкидланишича, жорий йил 1 январдан товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 миллиард сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилари учун солиқ даври ҳар чоракда этиб белгиланди.
Фойда солиғи тўловчилари жорий чоракда кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида чорак биринчи ойининг 10-кунигача маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди. Жорий йилда ҳам айрим чораларни қўллаш давом этади. Унга кўра Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда солиқ ҳисоботларини беш кундан ортиқ бўлмаган муддатда кечиктирилганлиги учун солиқ тўловчиларга жарима солинмайди.
Семинарда 2021 йилда ер, сув солиқларини ҳисоблаш, тўлаш тартиби ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга солиқ солиш тартибига киритилган асосий ўзгаришлар ҳақида тушунчалар берилди. Солиқ тўловчиларни қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш тартибларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган семинарда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва ҳисобчилар фаолиятлари давомида дуч келаётган айрим муаммоли масалаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА