Солиқ тизими: имтиёз, имконият ва самара
Андижонда мамлакатимиз Солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонуни мазмун-моҳиятини тадбиркорлар ва кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида кўргазмали семинар ўтказилди.
Вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, ҳисобчилари, якка тартибдаги тадбиркорлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси мутахассислари, вилоят давлат солиқ бошқармаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, солиқ тўловлари бўйича тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар хусусида сўз юритилди.
Семинарда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Солиқ кодексига киритилган асосий ўзгартиш ва қўшимчалар ҳамда 2021 йилда солиқ сиёсатидаги янгиликлар ҳақида иштирокчиларга кенг маълумотлар берди.
– Маълумки, амалдаги Солиқ кодексига қатор қўшимча ва ўзгартишлар киритилди, – дейди Мубин Мирзаев. – Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар шубҳасиз, ҳар бир тадбиркорни қизиқтиради. Шу боис ҳам солиқ тўловлари бўйича янгиликлардан тадбиркорларни хабардор қилиш орқали уларнинг фаолияти янада самарали бўлишига кўмаклашиш асосий мақсадимиздир.
Тадбирда қўшилган қиймат солиғи тўловчи (ҚҚС) корхоналар доирасини кенгайтириш ҳамда ҚҚС занжири узилишининг олдини олиш мақсадида тушум ҳажмидан қатъи назар алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан, пивони чакана сотиш бўйича турғун савдо шохобчалари, бозор ва савдо комплекслари ҚҚС тўловчи корхоналар ҳисобланиши белгиланганлиги қайд этилди.
[gallery-849]
Семинар давомида тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга мутассади ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Куннинг иккинчи ярмида семинар иштирокчилари Андижон шаҳридаги “Динар текстиль” корхонаси, Андижон туманидаги “Valley fish” масъулияти чекланган жамияти ҳамда Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривожи” чорвачилик фермер хўжалигида бўлиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди. Мазкур хўжалик субъектлари фаолиятидаги солиқ тўловлари бўйича муаммолар ўрганилиб, амалдаги тартиблар асосида олиб борилиши юзасидан тавсиялар, шунингдек, иштирокчиларга жорий йилда солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар кўргазмали материаллар асосида тушунтириб берилди.
– Семинарда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар хусусида кенг маълумот ва тушунчалар олдик, – дейди Андижон шаҳридаги “Динар текстиль” корхонаси иш юритувчиси Жасурбек Шарипов.
– Киритилган ўзгаришлар шубҳасиз, тадбиркорлар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йил 1 январдан мулкчилик шаклидан қатъи назар барча хўжалик юритувчи субъектларнинг асосий воситалари ҳар йили мажбурий қайта баҳоланиши бекор қилингани уларни ортиқча солиқ тўлашидан озод этади.
Вилоят давлат солиқ бошқармаси мутахассислари томонидан бу каби тарғибот тадбирлари туман ва шаҳарларда давом эттирилмоқда.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА