Солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари сони 955 тани ташкил этмоқда
Мамлакат иқтисодиётида ишлаб чиқариш тармоғи муҳим ўрин тутади. Саноат корхоналарининг барқарор ишлаши нафақат янги иш ўринлари яратиш, балки давлат бюджети тушумларини таъминлашда ҳам асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис, бугун ишлаб чиқариш корхоналарида солиқ қарздорлигининг ортиши иқтисодий таҳлилчилар ва мутасаддилар диққат марказида турибди.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил 1 май ҳолатига кўра, солиқ қарзи 100 миллион сўмдан юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналари сони 955 тани ташкил этган. Уларнинг жами солиқ қарзи 1,5 триллион сўмга етгани айрим соҳаларда молиявий интизом билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Эътиборлиси, умумий қарздорликнинг 562,2 миллиард сўми ёки 37,8 фоизи солиқ қарзи энг юқори бўлган 10 та корхона ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу эса қарздорлик асосан йирик ишлаб чиқариш субъектлари ҳисобига шаклланаётганини англатади.

Таҳлилларга кўра, ишлаб чиқариш корхоналари солиқ қарздорлиги бўйича етакчи ҳудудлар қуйидагилардан иборат. Фарғона вилояти — 328,3 миллиард сўмни, Тошкент вилояти 295 миллиард сўмни, Андижон вилояти 191,9 миллиард сўмни ташкил этади.
Мазкур ҳудудларда саноат корхоналари сонининг кўплиги, ишлаб чиқариш ҳажмининг юқорилиги ва айрим корхоналарнинг молиявий қийинчиликларга дуч келаётгани қарздорлик кўрсаткичларига таъсир қилмоқда. Айрим ҳолатларда маҳсулот сотувининг пасайиши, айланма маблағлар танқислиги ва ташқи бозордаги ўзгаришлар ҳам корхоналарнинг солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажаришига тўсқинлик қилмоқда.
Сўнгги йилларда солиқ тизимида амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари молиявий шаффофликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Электрон ҳисоботлар, онлайн назорат-касса машиналари ва автоматлаштирилган таҳлил тизимлари орқали солиқ органлари қарздорликларни аниқлаш имкониятини кенгайтирди.
Натижада аввал яширин қолиб келган айрим молиявий муаммолар ҳам очиқ кўрина бошлади. Бу эса солиқ тушумларини назорат қилиш самарадорлигини ошириш билан бирга, корхоналарни қонуний ва шаффоф фаолият юритишга ундамоқда.
Экспертларнинг таъкидлашича, рақамлаштириш нафақат назорат воситаси, балки тадбиркорлар учун қулайлик яратувчи механизм ҳамдир. Электрон хизматлар орқали ҳисобот топшириш, тўловларни амалга ошириш ва қарздорликни онлайн кузатиш имкониятлари вақт ва ортиқча сарф-харажатларни қисқартирмоқда.
Шунингдек, солиқ қарздорлигини камайтириш учун фақат жазо чораларини кучайтириш етарли эмас. Энг аввало, ишлаб чиқариш корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш муҳим.
Бунинг учун, корхоналар билан индивидуал ишлаш тизимини кучайтириш, экспортчи ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, имтиёзли молиявий механизмларни кенгайтириш, рақамли солиқ хизматларини янада соддалаштириш зарур. Шунингдек, солиқ интизомини таъминлашда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ва молиявий саводхонлигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА