Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари давлат ислоҳотлари диққат марказида бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги тадбиркорлар билан бўлган учрашувида мамлакатимизда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш борасидаги ислоҳотлар ва солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлик тамойили бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламига эътибор қаратилди.
Дунё мамлакатлари иқтисодиётининг глобаллашув ва рақамлашиш жараёнлари иқтисодий хавфсизлик масалалари бўйича тадқиқотларга эътиборни янада кучайтирмоқда. Чунки ушбу шароитда мамлакат иқтисодий хавфсизлигига таҳдидлар янада ортади. Солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш шароитида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича амалга оширилган тадқиқотларда солиқ қонунчилиги ижро механизмларининг ўрни ва аҳамиятига ижобий баҳо берилган.
И.Светков ўз тадқиқотларида давлат институтлари ва жамиятнинг солиқ соҳасидаги муносабатлар ташкил этиш тизимини қуйидаги учта усулга бўлиш мумкинлиги таъкидлайди:
- маъмурий босим нуқтаи назаридан;
- ҳуқуқий нуқтаи назаридан;
- манфаатлар нуқтаи назаридан.
Лекин ХХI асрда давлатларнинг солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш тажрибалари бўйича олиб борган тадқиқотларимиз натижалари ҳозирда ушбу усуллардан мазмун ва сифат жиҳатидан тубдан фарқ қиладиган «ўзаро ҳамкорлик» усулини қўллаш амалиёти кенг ривожланаётганлигини кўрсатмоқда.
Маълумки, мамлакат иқтисодий хавфсизлиги даражасини белгиловчи кўрсаткичлар иқтисодий ўсиш, ташқи ва ички таҳдидларга бардош бериш, аҳоли турмуш даражаси ва унинг сифатини яхшилаш, ташқи қарзга хизмат кўрсатиш даражасини таъминлаш масалалари солиқ маъмуриятчилигини самарали ташкил этиш ва солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлик тамойили асосида ишлаш даражасига боғлиқдир. Чунки Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети даромадларини 80-85 фоиздан ортиқ қисми давлат солиқ хизмати органлари томонидан ундирилади.
Мамлакат харажатларини молиялаштириш учун зарур маблағларни жамлаш ва иқтисодиёт ривожланиш стратегияси тадбирларини молиялаштириш янги иқтисодий механизмларни шаклантираётган давлатимиз учун муҳим аҳамиятга эгадир.
Амалга оширилаётган ислоҳотларда «Солиқчи тадбиркорга кўмакчи» тамойилига эътибор қаратилиши муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этмоқда. Соҳадаги ислоҳотлар ва келажак концепциялар солиқ юкини оптимал даражага тушириш, давлат солиқ хизмати органлари ҳамда солиқ тўловчилар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янги кўринишга олиб чиқишни режалаштиради. Солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш, солиққа тортиш жараёнларида харажатларни камайтиришга қаратилган.
Солиқ тўловчилар билан амалга ошириладиган ишлар сифати давлат солиқ хизмати органлари томонидан тақдим этиладиган хизматлар уларнинг эҳтиёжлари ва талабларига қанчалик мос келишига боғлиқ.
Бу эса ахборот ва кўрсатиладиган интерактив хизматлар доирасини кенгайтириш солиқ тўловчиларнинг ўз мажбуриятларини ихтиёрий равишда бажариш даражасини оширишнинг асосий омили ҳисобланади.
Ушбу соҳадаги ишларни тўғри ташкил этиш, солиқларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ тўлашни назорат қилишни сезиларли даражада осонлаштиради, маъмурий харажатларни камайтиради ва ҳуқуқ бузарликка мойил солиқ тўловчилар тоифаси билан ишлашга йўналтирилиши мумкин бўлган ресурсларни кўпайтиришга ёрдам беради.
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва фуқароларнинг солиқларни тўлаш бўйича конституциявий мажбуриятларни бажариш учун энг қулай шарт-шароитларни таъминлаш учун замонавий техник воситалардан фойдаланган ҳолда солиқ тўловчилар билан ахборот-тушунтириш ишларининг олиб боришда илғор шакллар ва усулларни амалиётга жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг soliq.uz сайтига бир кунда кирувчилар 33809 тани, ташриф буюрувчилар эса 3583 тани ташкил этади. Ушбу рақамлар солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланиш даражасининг ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.
ЭЛЕКТРОН ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларга 40 га яқин электрон давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Электрон тарзда кўрсатилаётган хизматлар йўналишлари:
- · мурожаатларни юбориш;
- · рўйхатга олиш;
- · ҳисоботларни юбориш;
- · ахборотлар олиш;
- · маълумотномалар олиш;
- · солиқларни ҳисоблаш;
- · солиқларни тўлаш;
Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг кўрсатилаётган электрон давлат хизматлар турининг ўсиши солиқ тўловчиларга:
- куннинг хоҳлаган пайтида зарур ахборотларни олиш;
- бюджет билан ҳисоб-китобларини тезкор назорат қилиб бориш;
- солиқ органига бормасдан ўзини қизиқтирган савол ёки масала бўйича мурожаат қилиш;
- солиқларни онлайн тўлаш каби кўплаб имкониятлар берди.
Шу сабабли ҳам, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган «Давлат солиқ қўмитаси Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш стратегияси»да солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштиришнинг қуйидаги асосий устувор вазифалари белгиланган.
- Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг ахборот тизимлари комплексининг ягона платформасини яратиш;
- солиқ хизмати органларида замонавий бизнес-таҳлил (Business Intellegence) тизимини жорий этиш;
- солиқ аудитини автомат тарзда назорат қиладиган (Case Management System, Case Assesment System) тизимни яратиш;
- идоралараро ҳамкорлик орқали ахборот алмашинувида мавжуд муаммоларни бартараф этиш;
- солиқ органларига юкланадиган вазифалар бўйича бизнес-процессларни ишлаб чиқиш ва уларни автоматлаштириш;
- катта ҳажмдаги маълумотларни бошқариш ва таҳлил қилиш имконини берувчи "Big Data" технологиясини йўлга қўйиш;
- солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг ҳисобини юритишда жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланишга ўтиш;
- солиқ тўловчиларни сегментлаш, хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, инсон омилини тўлиқ бартараф этадиган солиқ назоратини амалга оширишни назарда тутувчи «Таҳлика-таҳлил» тизимини яратиш;
- маҳаллий бюджетлар даромадини оширишда маҳаллий солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш учун «сайт» тизимини кенг жорий этиш.
Олимлар томонидан тадқиқотлар натижасида солиқ маъмуриятчилиги тизимини рақамлаштиришнинг бир қатор афзалликлари эътироф этилган:
- солиқ маъмуриятчилиги харажатлари камайиши;
- солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш имкониятини ошиши;
- солиқ тўловчиларга маъмурий босимни камайиши;
- коррупция риски даражаси пасайиши;
- солиқ маъмуриятчилиги босими пасайиши ва бизнес кўламининг кенгайиши эвазига солиқ базасини ошиши.
Маълумки, текширувдан олдинги таҳлил-тақдим этилган солиқ ҳисоботини ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотни солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, солиқ тўловчининг иштирокисиз ўтказиладиган автоматлаштирилган таҳлилдир. Ушбу тизимдан самарали фойдаланиш юқорида таъкидланганидек давлат органларида коррупция риски даражасини пасайишига олиб келади.
Таҳилилларимиз 2022 йил 1 август ҳолатига ўтказилган солиқ назорати тадбирлари натижаларига кўра, 38,2 минг солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларида 3 трлн. сўмлик тафовутлар аниқланганлигини кўрсатмоқда. Лекин «Автокамерал» ААТ тизими орқали амалга оширилган текширувларнинг 35 фоизида аниқланган ҳолатлар кам улушли ва аҳамиятсиз камчиликлар ҳисобланади. Ушбу 35 фоиз солиқ тўловчиларда аниқланган тафовутлар аҳамиятсиз, яъни жуда кам миқдорда бўлиб, уларни аниқлаш ва ундириш харажатлари аниқланган солиқ миқдоридан юқори бўлган ҳажмни ташкил этади. Солиқ органлари томонидан ушбу ҳолатлар бўйича юборилган хабарномалар солиқ тўловчиларни асосий иш фаолиятидан чалғитишга ва йўл қўйилган ҳуқуқ бузарликлар сонини асоссиз кўпайишига сабаб бўлмоқда холос.
Бундан ташқари, ушбу тафовутлар солиқ маъмуриятчилигининг маъмурий босим тизимига асосланганлиги солиқ маъмуриятчилиги натижаси ҳисобланади. Шу боис, улар бўйича қўлланилган молиявий жарималар тўлиқ ундирилмасдан ноумид боқиманда қарздорликни пайдо бўлишига сабаб бўлган. Шу каби солиқ назорати тадбирлари натижаси бўйича қўлланилган 609 млрд сўмлик молиявий жарималар бўйича қарздорликлар йўл қўйилган хато ва номувофиқликларни ихтиёрий равишда тузатиш бўйича солиқ тўловчиларга енгиллик (переференция) бериш тўғрисидаги давлат раҳбари таклифига мувофиқ ҳисобдан чиқарилмоқда.
Мазкур масалани ўрганишлар бўйича амалга оширган таҳллиларимиз натижаларига асосан «Автокамерал» ААТ тизими ёрдамида аниқланган тафовутларни (камчиликларни) тойифалаш ва кам улушли тафовутга сабаб бўлган камчиликларга хабарнома юбориш тартибини бекор қилиш мақсадга мувофиқ.
ТИЗИМНИ РАҚАМЛАШТИРИШ
Тадқиқотларимиз натижаларига асосан олимлар томонидан солиқ маъмуриятчилиги тизимини рақамлаштириш бўйича эътироф этилган афзалликларга қўшимча равишда қуйидаги қулайликларга эришиш мумкин, деб ҳисоблаймиз:
- солиқ базаси билан боғлиқ ахборотлар электрон базасини тўлиқ шакллантириш;
- солиқ тўловчиларга контрагентлар тўғрисидаги ахборотларни тезкор етказиб бериш;
- солиқ қарздорлик ҳолати тўғрисидаги тезкор ахборотларни шакллантириш ва тегишли бошқарув қарорлари қабул қилиш;
- солиқ тўловчиларга қонунчиликдаги янгиликлар, услубий-тушунтириш ҳужжатларини тезкор етказиб бериш;
- солиқ тўловчилар, ваколатли органлар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларда тезкор ва сифатли ахборот алмашувини амалга ошириш йўлга қўйиш.
Таҳлиллар натижасига кўра рақамли иқтисодиёт шароитида солиқ органлари маъмурий босим тамойилидан воз кечиб, солиқ маъмуриятчилигини рақамли тизим асосида солиқ тўловчилар билан ҳамкорликда амалга ошириши зарур, деган хулосага келинди.
Солиқ маъмуриятчилиги рақамли тизимни яратилиши натижасида солиқ тўловчиларни молиявий-хўжалик фаолияти натижаси самарадорлигини таъминлаш ва давлатнинг бюджетга солиқ тўловчи даромадидан ўзига тегишли улушни олиш хавфлари даражаси пасаяди. Бу бюджет харажатларини мустақил молиялаштириш эвазига мамлакат ташқи қарз олиш ёки ички қарздорликни ўсиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш йўли билан иқтисодий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Бобуршоҳ Ибрагимов,
ТМИ доценти, иқтисодиёт бўйича фалсафа доктори (PhD)