Солиқ тизими: имтиёз, имконият ва самара
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Бекзод Мусаев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Андижонда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Бекзод Мусаев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари раҳбарлари, ҳисобчилари, якка тартибдаги тадбиркорлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиқлари иштирокида бўлиб ўтган мулоқотда иштирокчиларга янги таҳрирдаги Солиқ Кодекси мазмун-моҳияти, солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, солиқ тўловлари бўйича тадбиркорларга берилаётган енгилликлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
- Маълумки, жорий йил 1 январидан мамлакатимизда Янги таҳрирдаги Солик Кодекси амалиётда қўлланила бошланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси Бекзод Мусаев. – Солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар шубҳасиз, ҳар бир тадбиркорни қизиқтиради. Шу боис ҳам солиқ идоралари ходимлари томонидан қабул қилинган янги ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, киритилган ўзгартириш ва янгиликларни тадбиркорлар, солиқ тўловчиларга тушунтириш бўйича кўплаб тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Солиқ юкини пасайтириш бўйича мамлакатимизда эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Масалан, ойлик иш ҳақи бўйича ягона ижтимоий тўловни легаллаштириш мақсадида киритилган янги тартиблар натижасида биргина Андижон вилоятининг ўзида 2019 йилда солиқ тўловчи жисмоний шахслар сони қарийиб 3 баробарга ортганлиги энг аввало солиқ тўловчиларга енгиллик яратилганлигини кўрсатса, иккинчида солиқ тушумларининг кескин ортишига имкон берди.
Мулоқотда мутахассислар томонидан Янги таҳрирдаги солиқ кодексининг мазмун-моҳияти, унда белгиланган ягона ижтимоий тўлов, қўшилган қиймат солиғи, солиқ тўлови бўйича якка тартибдаги тадбиркорларга берилган афзалликлар, солиқ ҳисоботлари, ҳисобот топшириш муддатлари хусусида иштирокчиларга кенг ва атрофлича тушунчалар берилди.
- Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солик юкининг енгиллаштирилганлиги, айниқса, қўшилган қиймат солиғи тўлаш муддатлари бўйича киритилган ўзгаришлар тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратади, - дейди Андижон вилоят тиббий техникаларга хизмат кўрсатиш маркази ҳисобчиси Қаҳрамон Қодиров. – Умуман, янги солиқ ҳужжати солиқ тўловчиларлар, айниқса, тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Мулоқот давомида тадбиркорларни қизиқтирган барча саволларга солиқ қўмитаси раиси, мутассадди ва мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.