Соҳил футболи: Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги рақибларимиз Ўмон, БАА ва Саудия Арабистони
Жорий йилнинг 18–28 ноябрь кунлари Таиландда соҳил футболи бўйича XII Осиё кубоги финал босқичи бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси “C” гуруҳида икки карра Осиё чемпионлигига эришган Бирлашган Араб Амирликлари, бир бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган Ўмон ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари билан гуруҳ босқичида куч синашади.
Тасдиқланган тавқимга кўра, мамлакатимиз вакиллари илк учрашувни 19 ноябрь куни Ўмон жамоасига қарши ўтказади.
Шундан сўнг, 21 ноябрда БАА, 23 ноябрь куни Саудия Арабистони жамоаси билан баҳс олиб боради.

Айтиш лозимки, бугунгача соҳил футболи бўйича Осиё кубоги мусобақалари 12 марта ташкил этилган бўлиб, унинг дастлабки тўртта мусобақаси Бирлашган Араб Амирликларида, кейинчалик қитъа биринчилиги бир марта Ўмонда, икки марта Қатар ҳамда Малайзияда ўтказилган.
Шундан сўнг мусобақага кетма-кет тўрт марта Таиланд мезбонлик қилган. Уч бор Паттая, бир бор эса Пҳукет шаҳрида ўйинлар бўлиб ўтган. Бу сафар эса қитъанинг энг кучли соҳил футболи жамоалари Пҳанг Нга шаҳрида жам бўлади.
Соҳил футболи бўйича Осиёнинг энг муваффақиятли термаси Эрон жамоаси ҳисобланади. Эронликлар 4 марта чемпионликни қўлга киритган, 5 бор бронза медалларига эгалик қилган.
Шунингдек, Япония 3 марта, Бирлашган Араб Амирликлари 2 марта, Ўмон ва Баҳрайн терма жамоалари бир мартадан ғолибликка эришган.

Умумий медаллар сони бўйича эса Япония етакчилик қилмоқда. «Кунчиқар юрт» вакиллари 3 та олтин билан бирга, 6 та кумуш ва 2 та бронза медалига сазовор бўлган.
Соҳил футболи бўйича қитъа биринчилигида Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 та финал босқичида иштирок этган бўлиб, мусобақа доирасида 21 та учрашувда майдонга тушган. Шундан 5 тасида ғалаба, 16 та баҳсда рақибларига имкониятни бой берган. Киритилган ва ўтказиб юборилган тўплар нисбати — 72:94.
Осиё кубогида қатнашган барча терма жамоалар орасида Ўзбекистон умумий натижалар бўйича 10-ўринни банд этган. Миллий терма жамоамизнинг энг яхши натижаси 2008 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган мусобақада қайд этилган. Ўшанда вакилларимиз 5-ўринни эгаллаган.
Бу галги Осиё кубогининг барча учрашувлари Таиланднинг Пҳанг Нга шаҳридаги “Memories Beach Arena” спорт мажмуасида ташкил этилади.
Қитъа кубогининг плей-офф босқичи ўйинлари 25 ноябрда бошланиб, гуруҳларда дастлабки иккита ўринни эгаллаган жамоалар ҳамда энг яхши кўрсаткичга эришган 2 та 3-ўринни эгаллаган терма жамоалар чорак финалга йўл олади.
Осиё кубогининг саралаш баҳслари якунлангач, ярим финал ўйинлари 27 ноябрь, 3-ўрин ва финал баҳси 28 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА