Соҳибқирон бобомизни ёд этиб
9 апрель – Амир Темур таваллуд топган кун
Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети Геология-қидирув ва кон-металлургия факультети томонидан Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур олий ўқув юртининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори М.Атамуратов, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори Ж.Раҳимов ва бошқалар мамлакатимизда миллий тарихимизни тўлақонли ўрганиш масалалари доимий эътиборда эканини таъкидлади.

Бу борада Сохибқирон бобомиз Амир Темур ва темурийлар даврига оид тадқиқотлар олиб бориш, уларнинг мазмуни акс эттирилган илмий китоблар, рисолалар чоп этиш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур илмий изланишлар эса хорижда темурийлар тарихига бўлган қизиқишнинг янада ортишида ўзига хос аҳамият касб этмоқда.

Тадбирда маърузачилар томонидан Амир Темур ҳаёти ва фаолияти, унинг давлат бошқаруви, ҳарбий маҳорати, Амир Темур салтанати ривожида Буюк Ипак йўлининг тутган ўрни, тинчлик ва барқарорликни тиклашдаги хизматлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Республика мусиқа ва санъат коллежи талабалари томонидан “Амир Темур ва Ҳазрати Хизр суҳбати” мавзусидаги саҳна кўриниши намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА