Ватанимиз тарихидаги 18 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1405 йил (бундан 620 йил олдин) – Ўтрор ҳокими Бердибек саройининг Темур учун махсус жиҳозланган хонасида Хитой юришига отланган буюк лашкарбоши, давлат арбоби Амир Темур вафот этди. Бу ҳодиса ҳижрий 807 йил шаъбон ойининг ўн еттинчи куни (милодий 1405 йил 18 февралда) юз берди. Буюк салтанат асосчиси намозшом билан хуфтон орасида, “Тавҳид” калимасини такрор-такрор айтиб, ҳаётдан кўз юмди.
Тарихчи Амриддин Бердимуродовнинг қайд этишича, Амир Темурнинг вафоти тафсилотларини ёзган тарихчилар унинг айнан қайси касаллик оқибатида вафот этгани ҳақида аниқ маълумот бермаганлар. Шундай бўлса-да, соҳибқироннинг ўлими ҳақида ёзган Ҳофизи Абрў ва Ибн Арабшоҳлар соҳибқирон касаллигининг келиб чиқишини аниқлашда анчайин ойдинлик киритувчи маълумотларни келтирадилар.
Уларнинг ёзишича, Темур касал бўлиб тўшакда ётган пайтида атрофига йиғилганларга аввал бир бармоғини, сўнгра иккинчи бармоғини кўрсатиб: “Мен бу билан нима демоқчиман?” – дея сўрайди. Кўпчилик амирлар тараддудланиб қоладилар ва айримлари жавоб беришга журъат қилишиб: “Ҳукмдор бу билан соғайишим учун яна бир ёки икки восита қолди демоқчилар”, – дейишади. Жаҳонгир ҳеч бир аламсиз: “Бир ёки икки кундан сўнг мен сизларнинг ораларингизда бўлмайман деганим, бу”, – дея жавоб беради.
Ўша тарихчиларнинг қайд этишича, жаҳонгир ётган хонага таклиф қилиниб, бор ҳақиқатни айтишга буйруқ олган табиблар, беморни обдон текшириб кўришиб, соҳибқирон ҳақ эканини, ҳақиқатан умри якунланаётганини айтишади. Бу ерда ҳозир бўлган аъёнлар табибларни керагидан ортиқ гапирганликлари учун койийдилар, лекин Амир Темурнинг ўзи табибларни бу очиқ гаплари учун мақтайди.
1501 йил (бундан 524 йил олдин) – Алишер Навоийнинг вафотидан қирқ кун ўтгач, Навоийнинг дўсти ва Хуросон ҳукмдори Ҳусайн Бойқаро элга ош берди. Навоийнинг уйида юз бошга яқин қўй ва ўн саккиз бош от сўйилиб, турли-туман таомлар тайёрланди. Бу воқеа тарихчи Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида қуйидагича қайд этилади:
“Ражаб ойининг йигирма тўққизинчисида, пайшанба куни (милодий 1501 йилнинг 18 февралида) вафодор Соҳибқирон... (Султон Ҳусайн Бойқаро) у ерга ташриф буюриб, яна бир марта улуғлар ва асилзодалар бир жойга йиғилдилар. Буюк амирлар таомлар тортишга киришиб, калом ҳофизлари барча нарсаларни аниқ-равшан баён қилиб бергувчи оятлардан кироат қилишга тушдилар.”
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон минтақасидаги дастлабки демократик ҳукумат – Туркистон Мухториятида тўнтариш юз берди. Бош вазир Мустафо Чўқай ўғли бошчилигидаги ҳукумат маҳкамаси ағдарилди ва ҳукумат бошқаруви Қўқон шаҳар милицияси бошлиғи Кичик Эргашга ўтди.
1919 йил (бундан 106 йил олдин) – Мадаминбек қўшинлари Фарғона вилоятининг маркази Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрига ёриб кирди. Қизил аскарлар билан истиқлолчилар ўртасида шаҳар кўчаларида қизғин жанглар бўлди. Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг ёзишича, Мадаминбекнинг бу жасоратига тан бериш керак. Чунки бу пайтда Фарғона вилоятида М.Сафанов кўмондонлигида 20000 кишилик яхши қуролланган қизил аскарлар мавжуд эди. Мадаминбек кам сонли сафдошлари билан уларга қарши тура олди.
1923 йил (бундан 102 йил олдин) – “Муштум” ҳажвий журналига асос солинди. У дастлаб “Туркистон” газетасига илова сифатида чиқа бошлади. Журналнинг 1-сонида унинг ташкилотчиларидан Абдулла Қодирийнинг “Муштум таърифида” деган бош мақоласи берилган. Мазкур мақолада “Муштум”нинг йўналиши белгиланган: “Бу “Муштум” зўрлик муштуми эмас, ҳақлик муштумидир, бу “Муштум” золимлар муштуми эмас, мазлумлар муштумидир. Шунинг учун бунинг маъноси ҳам бошқачадир...”
1928 йил (бундан 97 йил олдин) – Ўзбекистон Марказий Ижроия Комитети ва Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Советининг “Давлат аппаратини ўзбеклаштириш тўғрисида” 2420-сонли қўшма қарори қабул қилинди. Бу қарор асосида Ўзбекистон ҳукумати томонидан тегишли тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилди.
1980 йил (бундан 45 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг “Ўзбекистон ССР шаҳарларида кўп қаватли уйлар ва жамоат бинолари қурилиши тартиблари ҳақида”ги қарори қабул қилинди. Унда 5 қаватдан баланд, 9 балли зилзилага чидамли бинолар қурилиши тартиблари белгиланди.
1989 йил (бундан 36 йил олдин) – илк марта Деҳли-Тошкент йўналишида учган ҳаво лайнери Тошкент шаҳри аэропортига келиб қўнди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Тошкентда “Адолат” социал-демократик партиясининг биринчи таъсис съезди бўлиб ўтди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Таълим муассасалари ҳақидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга асосан, Мактабдан ташқари муассаса тўғрисидаги низом тасдиқланди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида йилқичилик ва от спортини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Ҳисор давлат қўриқхонасининг қўриқланма зонасини белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Экологик xавфсизлик тўғрисидаги умумий теxник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Туризм, маданий мерос ва спорт соҳаларида давлат бошқарувини такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади