Соғлом турмуш тарзи спортга боғлиқ
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида таълим муассасаси тингловчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, тингловчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш мақсадида “Спорт соғлигимиз гарови” мавзуида спорт мусобақалари ўтказилди.
Спортнинг миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, енгил атлетика (4Х100 метрга эстафетали югуриш), стол тенниси, АК автоматини ва ПМ пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш каби турлари бўйича 200 нафарга яқин тингловчилар иштирокидаги мусобақалар жараёнида ходимларнинг жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, баркамол авлодни вояга етказишда спортнинг ўрни борасида фикр-мулоҳазалар тингланди.
– Давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тизим ходимларининг касбий маҳоратини мунтазам ошириб бориш масаласи ҳам алоҳида устувор вазифа этиб белгиланган, – дейди ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси, подполковник Муродхон Тўраев. – Бинобарин, ҳар бир ходим ва тингловчининг фаолиятида жисмоний ва интеллектуал салоҳият муҳим аҳамиятга эга. Айни кунларда институтимизда спорт тўгараклари ташкил этилган. Бу тўгаракларда институтда ходимлар ва тингловчиларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш мақсадида улар ўртасида спорт мусобақаларини ўтказиш анъанага айланган.
Ғолиб жамоалар ва тингловчилар эсдалик совғалари, диплом ва медаллар билан тақдирланди.



Гулноза Бобоева, ЎзА