Соғлом турмуш тарзи саломатлик омили
Когон шаҳридаги марказий оилавий поликлиникада тиббий кўрик ўтказилди.
Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти клиникаси шифокорлари ва соҳа мутахассисларидан иборат тиббий гуруҳ 500 дан зиёд фуқароларни кўрикдан ўтказди. Жарроҳ, онколог, акушер-гинеколог, эндокринолог, офтальмолог, терапевт ва невропатологлар каби малакали шифокорлар аҳолига керакли тавсиялар берди. Мутахассисларнинг тавсияларини сифатли ҳамда тезкор ташкил қилиш мақсадида ҳудудларда лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.

Институт ва жойлардаги тиббиёт муассасалари ходимлари билан ҳамкорликда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш билан бир вақтда юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш бўйича суҳбатлар ўтказилди. Соғлом овқатланиш қоидалари, шу билан бир қаторда жисмоний фаолликни ошириш борасида керакли тавсиялар берилди.

Шунингдек, Бухоро давлат тиббиёт институти профессорлари Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифокорлари билан бирга аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий кўрикни маҳаллалар кесимида олиб бориш борасида аҳоли билан мулоқот ўтказмоқда.

– Ушбу тадбирлар давлатимиз раҳбарининг куни кеча Бухоро вилояти фаоллари билан учрашувдаги топшириқ ва кўрсатмаларини жойларда амалга ошириш ва аҳоли саломатлигини яхшилашга қаратилган, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев. – Шунингдек, тадбирларда соғлиқни сақлашнинг биринчи бўғинида касалликлар профилактикаси, уларни барвақт аниқлаш ва асоратларининг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, аҳолига соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш ҳамда жисмоний фаоллик ҳар қандай касаллик, жумладан, эндокрин касалликларнинг олдини олишнинг асосий шарти экани мутахассислар томонидан тушунтирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири