Соғлом турмуш тарзи – саломатлик гарови
Андижон Олимпия захиралари коллежида “Соғлом турмуш тарзи – саломатлик гарови” шиори остида спортнинг мини-футбол, стол тенниси, арқон тортиш ва тош кўтариш турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.
Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, аҳоли, хусусан, корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини оммалаштириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган спорт мусобақаларида вилоятдаги қатор корхона, ташкилотлар, таълим муассасалари, олий ўқув юртлари ходимлари ва талабаларидан тузилган 50 дан ортиқ жамоа иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.
Мусобақалар очилишига бағишланган тадбирда сўз олганлар томонидан мамлакатимизда, хусусан, Андижонда спортнинг оммавийлигини ошириш, аҳоли турли қатлами вакилларини спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-5353]
Қизғин ва муросасиз баҳслар асосида ўтган баҳсларнинг арқон тортиш мусобақасида Андижон педагогика инсититути жамоаси 1- ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин вилоят мактабгача таълим бошқармаси, учинчи ўрин эса Андижон машинасозлик институти жамоаларига насиб этди.
Стол тенниси мусобақасида Андижон педагогика инсититути ўқитувчиси Адаҳамжон Турсунов биринчи, Жалақудуқ тумани спорт бўлими ходими Обиджон Ғофуров иккинчи, вилоят халқ таълими бошқармаси ходими Жалолиддин Жўраев учинчи ўринни қўлга киритди.
Полвонлар ўртасидаги тош кўтариш бахсларида эса Андижон педагогика инсититути ходими Абдулло Содиқовга тенг келадиган рақиб топилмади. Мусобақада Андижон туманидаги Мингўрик маҳалла фуқаролар йиғини раиси Акбарали Арипов иккинчи ҳамда Жалақудуқ тумани СЭВОМ ходими Воҳиджон Султонов учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ўттизга яқин жамоа қатнашган мини футбол мусобақаси ўйинлари янада қизиқарли ўтди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, спортнинг оммавийлигини ошириш, қолаверса, бу борада масъул ва мутасаддиларнинг шахсий намунасини кўрсатиш мақсадида ўтказилган спорт мусобақалари иштирокчиларга кўтаринки кайфият, шижоат ва саломатлик бағишлади.
Якунда мусобақаларнинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА