Соғлом рақобат муҳитини яратиш йўлида
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобатни яратишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг 3 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2025 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.
Ушбу Қонун лойиҳаси 2025 йилга мўлжалланган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шу жумладан, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида бизнес юритишни енгиллаштириш юзасидан белгилаб берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Қонун лойиҳасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидагилар назарда тутилмоқда. Хусусан:
– келгуси йилда асосий солиқ турлари, жумладан, фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз қолдирилмоқда;
– мобил алоқа хизматлари соҳасига инвестициялар миқдорини кўпайтириш, мобил алоқа ва интернет хизмати сифатини ошириш мақсадида мобил алоқа операторлари учун акциз солиғи бекор қилинмоқда;
– маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, иш ўринларини легаллаштириш ҳамда солиқ бўйича Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ваколатларини ошириш мақсадида уларга якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий белгиланган миқдорлардаги ставкаларини фаолият тури ва жойлашган ҳудудига қараб белгилаш ваколати берилмоқда;
– якка тартибдаги тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ёки ўзлари учун белгиланган қатъий солиқнинг 50 фоизини тўлаш ҳуқуқини бериш ҳамда бозор ва савдо комплексларида фаолият юритаётган якка тадбиркорларнинг ёллаган ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш каби нормалар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг мақсади 2025 йилги солиқ сиёсатини такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш ҳамда бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлашдан иборатдир. Қонун лойиҳаси қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитларни яратишга имкон берадиган солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солади.
Раҳматилло Шукуров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА