Соғлом қизлар соғлом келажак таянчи
11 октябр - Халқаро қизлар куни.
2012 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан ушбу санани нишонлаш қабул қилинган бўлиб, бундан кўзда тутилган мақсад бутун дунёдаги қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳаётдаги ўрни бўлишини таъминлаш, барча соҳаларда эркаклар билан тенг хуқуқли, саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиш ва бошқа имтиёзларга эга бўлишларини таъминлашдир.

Мамлакатимизда бўлгани каби Наманган вилоятида ҳам ушбу санага бағишланган турли амалий тадбирлар, хайрия акциялари ташкил этилди.
Хусусан, вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасалари қатори, Наманган шаҳридаги 14-сонли оилавий поликлиникада ҳам қизлар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган "Ўсмир қизлар хонаси", "Аёлларга ва қизларга психологик ёрдам" хоналари фаолияти йўлга қўйилди.

- Шифо масканимиз жойлашган ҳудуддаги барча умумтаълим мактабларида акушер-гинекологлар ва ўсмир қизлар врачи томонидан юқори синф ўқувчи қизлари ўртасида репродуктив саломатлик бўйича давра суҳбатлари ўтказиб турилади, - дейди 14-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Нафиса Турсунқулова.
- Анъанага кўра, жорий йил аввалида тиббий кўрикдан ўтказилади. Халқаро қизлар куни муносабати билан худди шундай тиббий кўриклар ташкиллаштирилиб, унда балоғат ёшидаги қизлар саломатлиги шифокорлар кўригидан ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, касаллиги аниқланган қизларга ҳозирги вақтда аҳолига бепул берилаётган 66 хил турдаги дори -дармонлардан ташхисига қараб, шифокор томонидан буюрилади.
Уларни амбулатор ва кундузги шифохона орқали даволашга эришилмоқда. Зеро, соғлом қизлар эртага оналар сифатида соғлом авлод ва соғлом келажак вакилларини дунёга келтиради.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА