Соғлом овқатланиш – саломатлик таянчи
Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда аҳолининг овқатланиш хилма-хиллиги ва маҳсулотларнинг тўйимлилигини таъминлаш устувор мақсад саналади.
Бунда фермерлик тажрибасини ошириш, гигиена ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, чиқиндиларни камайтириш ҳамда соғлом овқатланишни тарғиб қилишда истеъмолчиларнинг хабардорлигини ошириш муҳим саналади.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда соғлом овқатланиш аҳоли кун тартибининг марказида бўлиши лозимлиги қайд этилмоқда. Шундай ташаббуслар қаторига озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлашнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси, овқатланиш бўйича миллий кўрсатмаларнинг ишлаб чиқилиши, ФАО ва ЮНИCЕФ кўмагида соҳада тадқиқот ўтказилиши ҳамда миллий озиқ-овқат тизимларини трансформация қилиш бўйича миллий йўл харитаси доирасида мониторинг тизимларини мустаҳкамлаш айни муддао бўлди.
Тўғри овқатланишга мослашувчи қишлоқ хўжалиги тизимларини ривожлантириш бўйича пойтахтимизда ташкил этилган икки кунлик миллий ўқув семинари ҳукумат вакиллари, экспертлар ва соҳа бўйича ҳамкорларни бирлаштирди. Бу эса Ўзбекистоннинг барқарор соғлом овқатланишни тарғиб этишдаги саъй-ҳаракатларини янада кучайтиришга хизмат қилади. Тадбир «Европа ва Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги тизимларини трансформация қилиш» минтақавий лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Ўзбекистон ушбу лойиҳанинг Арманистон ва Босния ва Герцеговина билан бир қаторда учта пилот давлатидан биридир.
– Барқарор ва соғлом овқатланишни тарғиб этиш, агротизимларни трансформация қилиш ҳамда фуқароларимиз фаровонлигини таъминлаш учун айни тадбирнинг аҳамияти муҳим, деди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ёрдамчиси Шерзод Умаров ўз нутқида. – Бу жараёнда биз инсоният саломатлиги, сайёрамиз фаровонлиги ва иқтисодий барқарорликни уйғунлаштирувчи ёндашувни қўллашимиз лозим.
Тадбирлар давомида миллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистондаги озиқ-овқат ва овқатланиш ҳолатини ўрганиб, парҳез борасида соғлиқ билан боғлиқ муаммолар бўйича натижаларни, соғлом овқатланишга мослашувчи қиймат занжирлари каби инновацион воситаларни муҳокама қилдилар.
Интерактив гуруҳ машғулотлари орқали иштирокчилар экотизимлар ва биологик хилма-хиллик, озиқ-овқат таъминоти занжирлари, муҳити ва истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракати каби йўналишларга ўз эътиборини қаратди.
Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси қишлоқ хўжалиги инвестицияларида озиқланишни интеграциялаш тажрибаси билан ўртоқлашди. Атроф-муҳит ижтимоий фанлар тадқиқот гуруҳи эса Ўзбекистондаги шаҳарлар озиқ-овқат тизимларини баҳолашнинг дастлабки натижаларини тақдим этди.
Семинарда халқаро экспертлар Кристина Лоприоре ва Валентина Гасбарри барқарор тараққиёт учун секторлараро салоҳиятни мустаҳкамлаш ва далилларга асосланган ечимлардан фойдаланиш борасида фикрларини билдирди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА