Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам
Эрталабки сайр, бадантарбия машқлари билан шуғулланиш киши кун давомида хуш кайфиятда юришини, бажараётган ишида унум бўлишини, энг муҳими саломатлиги мустаҳкамланишини таъминлайди.
Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида минг-минглаб кўча ва хиёбонларда махсус юриш, югуриш ва велосипедда сайр қилиш учун махсус йўлаклар барпо этилди, мўъжаз спорт майдончалари фойдаланишга топширилди.

Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида минглаб кишиларнинг кундалик ҳаётида оммавий спорт муҳим ўрин тутиб бормоқда.

Бугун, 15 март куни эрта тонгдан пойтахтимиз Тошкентдаги Сайилгоҳ кўчасида соғлом ҳаёт учун 5000 қадам юриш марафони ташкил этилгани ҳам айни мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Юриш марафони тадбирларида Тошкент шаҳар спорт бошқармаси, спорт таълим муассасалари мутахассислари, Мирзо Улуғбек, Юнусобод тумани ҳокимлик масъуллари, нуроний отахон ва онахонлар ҳамда ёшлар иштирок этиб, саломатликларини мустаҳкамлашди.
Марафон доирасида барча иштирокчилар мусиқа садолари остида эрталабки бадантарбия машқларини ҳам бажаришди.
Т.Рўзиев,
ЎзА