Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам
Шу кунларда барча ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири – “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” юриш марафони Навоий шаҳридаги марказий истироҳат боғида ўтказилди.


Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг жорий қилиш, айниқса, ёшларни спортга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида ўтказилган пиёда юриш акциясида нуронийлар, ҳарбий хизматчилар, ёшлар “Нуронийлар маскани”дан “Ёшлик кўли” бўйлаб 5000 қадам юриш саломатлик марафонида фаол иштирок этди.


– Юртимизда аҳолининг соғлом турмуш тарзини шакллантириш, жисмоний фаоллигини оширишни ташкил қилиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими раиси Шабон Набиев. – Бугунги тадбирда ҳам ўз соғлигига, жисмоний тарбия ва спортга бефарқ бўлмаган юртдошларимиз иштирок этди. Марафон иштирокчилари орасида биз каби меҳнат фахрийлари, кексалар ва нуронийларнинг кўплигини кўриб соғлом турмуш тарзи ёш танламаслигини яна бир бор ҳис қилдик.


Шифокорларнинг таъкидлашича, жисмоний фаоллик, жумладан, пиёда юриш турли хил касалликларга иммунитет ҳосил қилишда энг фойдали спорт турларидан биридир. Шунингдек, пиёда юриш бўғимлардаги оғриқни камайтиради, ҳаракатчанликни оширади, уларни ўраб турган мушакларни кучайтиради.
А.Бўриев, ЎзА мухбири