“Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам”
“Соғ танда – соғлом ақл”, деб бекорга айтилмаган.
Инсон соғ-саломат бўлса хотиржам фикр юритиб, зиммасидаги вазифани ситқидилдан бажаради, белгилаган режаларини тўлиқ амалга оширади. Улкан марра, муваффақиятларга эришади.
Шу сабабли ҳам юртимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, аҳоли саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир маҳаллада "Wоrkout" майдонлари, спорт масканлари қурилиб, оммавий спорт билан шуғулланиш йўлга қўйилмоқда.

Сирдарёда соғлом турмуш муҳитини яратиш ишларини янада ривожлантириш мақсадида ҳафта бошидан кенг жамаотчиликни жалб қилган ҳолда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида соғломлаштириш тадбирлари бошланди.

Дастлаб, “Тадбиркорлар ва ҳунармандлар хиёбони”да вилоятдаги иқтидорли спортчилар эришаётган ютуқлари акс этган кўргазма бўлиб ўтди. Ўғил-қизларнинг кўргазмали чиқишлари ёшларда катта таассурот қолдириб, спортга қизиқишларини янада оширди.
Олимпия захиралари коллежида “Биз буюк тарих яратган халқмиз” мавзусида халқимизнинг қадим ўтмишга бориб тақалувчи қадриятлари, урф-одатлари акс этган театрлаштирилган томоша ҳам ўтказилди.

Сўнг “Биз бирга Янги Ўзбекистонмиз” ғояси остида “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” лойиҳаси доирасида Гулистон шаҳри кўчаларида пиёда юриш тадбирлари бўлиб ўтди. Халқ сайли тарзида уюштирилган тадбирда вилоят ҳокимлиги масъуллари, сектор раҳбарлари, ташкилот, корхона вакиллари билан ўз соғлигига бефарқ бўлмаган нуроний отахонлар, онахонлар ва ёшлар иштирок этди.

Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА