Соғлом ғоялар соғлом фикрлашга ундайди
Муносабат
Соғлом танда соғ ақл деганларидай, соғлом ғоялар ҳам халқ фаровонлигини юксалтирадиган ва мамлакатни олдинга етаклайдиган локомотивдир. Биз буни ўз ҳаётимизда, кундалик турмушимизда кўриб турибмиз. Кеча эришган ютуқларимизни ўз қаричимиз билан ўлчар ва шунга ҳам хурсанд бўлардик. Бугун эса бу ўлчовга жаҳон андозалари тарози бўлаяпти, эришаётган ютуқларимиз дунёнинг халқаро институтлари ва рейтинглари билан ўлчаняпти.
Олинаётган натижаларга кўра фахрлансак арзийдиган ҳам моддий, ҳам маънавий бисот тўплаётганимиздан, “Янги Ўзбекистон” иборасининг янгича мазмун касб этаётганидан, реал асосга эга бўлаётганидан, мамнунлик ва шукроналик ҳисси билан яшаяпмиз, меҳнат қиляпмиз.

Узоққа бормайлик. Яқиндагина бўлиб ўтган сайловлар, унда халқимиз сайлаган депутатлар, парламент таркибини кўздан кечирайлик. Унда демократик ислоҳотларнинг натижасини, мамлакатни бошқаришда Президентга ва ҳукуматга яқиндан ёрдам бера оладиган соғлом кучлар тўплангани, миллий кадрларнинг янги захирасини кўрамиз.
Ҳар галгидай мамлакатимиз раҳбарининг депутатлар ва сенаторлар олдидаги чиқишини диққат билан кузатаман, айтилган сўзларнинг мағзини чақишга уринаман. Юракдан ўтказган илк ўйим шу бўлади: биз демократик ислоҳотларни янада такомиллаштириш йўлидан дадил бормоқдамиз...
Президентимиз томонидан тўғридан-тўғри ишлайдиган ва аниқ ижро механизмларига эга қонунларни кўпайтириш, фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни кучайтириш, вазирликлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ғоялар курашини, сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобатни жонлантириш, парламент аъзоларига қўшимча ҳуқуқлар бериш, барча йўналишларда сифатли назорат тизимига ўтиш, инвестиция дастурларини тайёрлашга жиддий кўмаклашиш, даромад солиғининг камида 50 фоизини туман ва шаҳарнинг ўзида қолдириш, жамоавий ташаббуслар бўйича парламент комиссияси ташкил этиш сингари кўплаб янги таклифлар илгари сурилди.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳокимлар эмас, балки депутатлар орасидан сайланган кенгаш раислари бошчилик қилиши, Кенгаш сўрови ва Кенгаш текшируви каби янги механизмлар, янгиланган Конституция асосида биринчи марта аралаш сайлов тизимининг жорий этилиши билан ижро органлари фаолияти устидан назоратнинг кучайтирилиши ва давлат бошқарувининг қуйи бўғинга туширилиши демократик ислоҳотларнинг яққол кўриниши бўлди.
Узоқ йиллардан буён таълим соҳасида ишлаб келаётган инсон сифатида айта оламанки, жамият ривожи соғлом фикрлашга, ҳар бир воқеликка адолатли муносабатга боғлиқ бўлиб туради. Шунинг учун ҳам раҳбаримиз ўз чиқишларида аҳоли ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришни, ёш авлод онгига қонунга ҳурмат, тўғрилик ва ҳалол меҳнат тушунчаларини сингдириш лозимлигини такрор-такрор ёдимизга солади.
Президентимиз томонидан ўртага ташланган бу ғояларнинг барчаси сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий муаммоларни юксак маданият билан ҳал этишга қаратилган ва улар, албатта, амалга ошади.
Бунинг учун барчамиз фидокорона меҳнат қилишимиз, қатъий интизом ва тартиб билан иш олиб боришимиз, фаолиятимизни танқидий баҳолашга ўрганишимиз зарур. Бу шиддатли майдонда ҳар кимнинг – ёшларнинг ҳам, ўрта ёшдагиларнинг ҳам, ёши улуғларнинг ҳам, маҳаллий Кенгашлару жамоат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни ва қиладиган ишлари бор. Зеро, амалга оширилаётган демократик ва халқпарвар ислоҳотлар биздан шуни талаб этмоқда.
Суюн КАРИМОВ,
Самарқанд давлат университети профессори,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси.
ЎзА