Соғлом авлод – Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган янгиланишлар болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Сўнгги йилларда мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнига замонавий ёндашувлар, илғор педагогик технологиялар ва соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган дастурлар кенг жорий этилмоқда. Жумладан, “ZARAFSHAN KIDS” мактабгача таълим ташкилотида жорий этилаётган валеология йўналиши бугунги ислоҳотларнинг амалий кўринишидир. Ушбу йўналиш болаларда эрта ёшдан соғлом турмуш тарзига онгли муносабатни шакллантириш, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.



– Мутахассислар таъкидлашича, айнан мактабгача ёш даври инсон ҳаётида энг муҳим босқич бўлиб, бу даврда шаклланган одат ва кўникмалар кейинги ҳаёт тарзига бевосита таъсир кўрсатади, – дейди мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Дилфуза Шарипова. – Шу боис, болаларда соғлом турмуш тарзига оид билим ва кўникмаларни эрта шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Боғчамизда жорий этилган мазкур йўналиш орқали тарбияланувчилар соғлом овқатланиш, шахсий гигиена, кун тартибига риоя қилиш, жисмоний машқлар билан мунтазам шуғулланиш каби муҳим кўникмаларни эгалламоқда.

Албатта, бу каби ёндашувлар болаларнинг нафақат жисмоний, балки маънавий-руҳий жиҳатдан ҳам соғлом бўлиб улғайишида муҳим роль ўйнайди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири