Соғлиқни сақлаш вазирининг ахбороти эшитилди
2023 йилнинг ўтган даврида 40 ва ундан катта ёшдаги аҳолининг 83,8 фоизи юқумли бўлмаган касалликлар бўйича скринингдан ўтказилиб, уларнинг 2,1 фоизида юрак қон-томир касаллиги, 0,7 фоизида қандли диабет касаллиги биринчи марта аниқланган.
Шунингдек, аёлларнинг 84 фоизи онкоскрининг текширувидан ўтказилганида 0,09 фоизида хавфли ўсма касаллиги, 3-18 ёшли 6,3 миллион болалар гематоонкологик скрининг текширувларидан ўтказилиб, 0,01 фоиз болаларда гематоонкологик касаллик аниқланган. Натижада уларга эрта даволаниш чораларини кўриш имкони яратилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида айтиб ўтилди. Унда депутатлар соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятовнинг мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳолати ва истиқболи тўғрисидаги ахборотини эшитди.

Вазир ўз маърузасида аҳоли саломатлигини сақлаш борасидаги вазифалар ижроси ҳақида маълумот берди:
— Ҳар бир маҳаллада “хонадонбай” ишлайдиган тиббий бригадалар ташкил этилди. Аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтириш мақсадида бирламчи тизимга 2022 йилда 20 мингта ўрта тиббиёт ходимлари, жорий йилда 8500 та доя штатлари ажратилди, қишлоқларда жойлашган 801 та оилавий поликлиника янги замонавий УЗИ ва ЭКГ аппаратлари билан таъминланди. Қишлоқ ва маҳаллаларда 8 турдаги янги тиббий хизматлар йўлга қўйилди.
Бирламчи тиббий хизматни аҳолига янада якинлаштириш максадида шундай муассасалар 2021 йилдан бошлаб янгидан ташкил этилиши йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 2022 йилга нисбатан оилавий поликлиникалар 1046 дан 1074 тага, оилавий шифокорлик пунктлари 1062 дан 1234 тага етди. Шунингдек, жорий йил якунига қадар яна 17 та оилавий шифокорлик пункти, 8 та оилавий поликлиника очилиши режалаштирилган. Бундай муассасаларнинг моддий-техник базасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 149 таси таъмирланиб, фойдаланишга топширилган. Уларга 32 турдаги асбоб-ускуналар етказиб берилган.
2022-2023 йилларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини дори воситалари, тиббий буюмлар ва сарфлов материаллари билан таъминланиши 66 турдан 120 турга оширилди.
Болаларнинг соғлом ўсиш ва ривожланишини таъминлаш мақсадида 8,4 миллион 3-15 ёшдаги болалар, 2,2 миллион ҳомиладор ва эмизувчи аёллар йод препаратлари билан, 5,9 миллион 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир препаратлари ва фолий кислотаси препарати билан, 6-23 ойлик бўлган 296,1 минг нафар болалар микронутриентлар билан таъминланган. Юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича 12 миллион боланинг 98 фоизи 13 турдаги вакциналар билан эмланган. Спинал мушак атрофияси билан касалланган болаларни даволаш учун дори воситалари эҳтиёжга кўра 100 фоиз етказиб берилган, — деди вазир ўз ахборотида.
Савол-жавоб ва муҳокамалар давомида депутатлар бирламчи тиббий санитария муассасаларини шифокорлар билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш, ходимларни рағбатлантириш ишларини тўлиқ йўлга қўйиш, режалаштирилган поликлиника, оилавий шифокорлик пунктларини ўз вақтида ташкил этиш, бундай муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, керакли тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, тиббиёт муассасасидан 10 кмдан узоқда жойлашган 359 та маҳаллага бирламчи тиббий хизматни яқинлаштириш кераклигини айтиб ўтдилар.
Бундан ташқари, шифокорларга устама иш ҳақлари ўз вақтида тўлманмагани сабаблари, оналар ва болалар ўлимини камайтириш борасидаги ҳамда гемодиализга муҳтож беморлар учун кўрилаётган чоралар билан қизиқдилар.
Қизғин муҳокамаларга бой бўлган парламент эшитувида халқ вакиллари тиббиёт соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий ёрдамни кенгайтиришга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА