Тиббиёт
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 48-моддасида ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман (шаҳар) марказий шифохоналари ва туғуруқхоналарда кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати белгиланган.
Мазкур рўйхатга кўра, эндиликда беморларга жами 235 турдаги дори воситалари, 28 та диагностик текширув, 46 та лаборатор таҳлил, 520 та ташхис, 27 та оператив даво ҳамда 76 та тиббий буюмлар давлат ҳисобидан бепул тақдим этилади. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг яшаш жойи ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қатор тиббий хизматлардан тенг фойдаланишларини таъминлашга ёрдам беради. Шунингдек, бу тиббиёт муассасалари ишини оптималлаштириш ҳамда ресурсларни бошқаришга хизмат қилади.
Кейинги етти йилда соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағлар ҳажми олти баробарга оширилди. Ушбу давр мобайнида шифохоналар ва шошилинч тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт анжомлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида янгидан ташкил этиладиган клиникалар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга тиббий хизматлар қисмида ягона солиқ тўловидан озод этилган. Шуни эътироф этиш лозимки, шифохоналар сонининг ошиши соғлом рақобатни ривожлантириш, тиббиёт муассасаларининг сифатини оширишга ёрдам беради. Шу билан бир қаторда, клиникаларда беморларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббиёт ходимлари томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган турли хатоликларнинг олдини олиш мақсадида назоратни кучайтиришни ҳам талаб этади.
Соғлиқни сақлаш тизимида тез тиббий ёрдамнинг ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Шу сабаб унинг моддий-техник базасини яхшилаш, беморларга халқаро талабларга мос тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда шошилинч тиббий ёрдамга чақирув бўлганда етиб бориш вақти ўртача 25-30 дақиқадан 8-12 дақиқагача камайди. Дори турлари 20 тадан 45 тагача оширилди.
Тез тиббий ёрдам тизимидаги ислоҳотларнинг инсон ҳаётида тутган ўрнига тўхталадиган бўлсак, айтиш лозимки, юрак хуружи, инсульт, жароҳатлар ва бошқа шу каби жиддий вазиятларда тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш беморнинг ҳаётини сақлаб қолади ва оғир асоратлар ривожланишининг олдини олади. Бундан ташқари, аҳолининг тиббиёт тизимига ишончини мустаҳкамлайди, жамиятда инсонларнинг хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлайди.
Яна бир жиҳат, беморлар учун ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланиш қулайлигини янада ошириш ҳамда шаффофликни таъминлаш мақсадида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинди ҳамда электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тартиби жорий этилди. Ушбу тартиб бўйича беморлар ихтисослашган тиббий хизматларни ҳатто нодавлат тиббиёт муассасаларида ҳам кафолатланган пакет доирасида бепул олиш имконияти пайдо бўлди.
«Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида аҳоли саломатлигини таъминлаш бўйича 9 та устувор вазифалар белгилаб ўтилган. Хусусан, аҳолига бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларнинг олдини олиш ва даволаш самарадорлигини ошириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, онкологик касалликларни эрта ташхис қўйиш ва ўлим кўрсаткичини камайтириш, юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш, тиббиёт соҳасида рақамли технологияларни кенг жорий қилиш каби мақсадлар ва вазифалар белгиланган. Уларни амалга оширишга доир қатор амалий чора- тадбирлар ҳам назарда тутилган.
Айтиш лозимки, тиббиёт ташкилотларининг рақамлаштирилиши соҳага сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Хусусан, ҳар бир бемор тўғрисида катта ҳажмдаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш имкониятларини яратади, бу эса илмий изланишларга, диагностика ва даволашнинг янги усулларини ишлаб чиқишга хизмат қилади. Шифокорларнинг асосий вақтини беморларни қабул қилиш билан ўтказишга имкон беради.
Соҳада малакали кадрларни тайёрлаш масаласига тўхталадиган бўлсак, тизимда олий тиббий таълим муассасалари сони 11 тага етказилди. Тошкент тиббиёт академиясининг Термиз филиали, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ва Қорақалпоқ тиббиёт институти ташкил этилди.
Шу билан бирга, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари олий таълим муассасаларида 6 та тиббиёт факультети очилди.
Мамлакатимизда биринчи марта ўрта тиббиёт ходимларига олий маълумот берувчи Ҳамширалар академияси ташкил этилиб, унинг негизида Туркиянинг Соғлиқ билимлари университетининг «Ҳамширалик иши» факультети очилди.
Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди. Бу борада малака тоифаси бериш бўйича аттестациядан ўтказиш ва уларга сертификат бериш ахборот тизими – tibtoifa.ssv.uz ишга туширилди.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида 2030 йилгача соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган асосий йўналиш ва мақсадларда ўртача умр кўриш давомийлигини 78 ёшга етказиш, бунинг учун тиббиётга йўналтириладиган маблағлар ҳажмини икки баробарга ошириш, 40 ва ундан катта ёшдаги аҳоли орасида жисмоний фаол инсонлар улушини икки баробар ошириш, мамлакатимиздаги тиббиёт муассасаларининг рақамлаштириш даражасини 100 фоизга етказиш кабиларга урғу берилган. Шунингдек, аҳолига дастлабки тиббий хизматни янада яқинлаштириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш, болалар ўртасидаги ирсий касалликларни 2 баробарга қисқартириш каби қатор мақсадлар кўзланган.
Таъкидлаш лозимки, 2024 йилда Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғурта механизмлари жорий этилади. Эътиборли жиҳати шундаки, бу хизматлар аҳолидан қўшимча тўловлар ундирилмасдан фуқаролар томонидан тўланаётган умумий солиқлар ҳисобидан бўлади. Хўш, ушбу суғурта доирасида нималар амалга оширилади?
Аввало, давлат томонидан аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар ва дори воситаларининг кафолатланган пакети жорий этилади. Энг муҳими ҳам аслида шу.
Аҳолига кафолатланган пакет доирасида энг кўп учрайдиган касалликлар бўйича дори воситалари электрон рецепт асосида дорихоналар орқали бепул берилади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, соҳани ислоҳ қилиш нафақат тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти ва қамровини, балки кўрсатилаётган хизматлар сифати, беморларнинг розилик даражаси ва аҳоли саломатлигини ҳар томонлама яхшилашни ҳам ўз ичига олади.
Шу боис амалга оширилаётган ишларнинг натижаларини яқиндан кузатиб бориш ва баҳолаш, бутун соғлиқни сақлаш тизимини доимий равишда такомиллаштиришга интилиш зарур. Бинобарин, соҳанинг ривожи давлат ва жамият тараққиёти, халқ ҳаётининг фаровонлигида муҳим аҳамият касб этади.
Инобат ҲАКИМОВА,
«Тараққиёт стратегияси» маркази бош мутахассиси.
ЎзА