Автобус кутаяпман. Бор-йўғи уч бекат келадиган манзилга транспорт пойлай-пойлай нақд қирқ беш дақиқада етиб бордим. Кейинги сафар худди шу маконга пиёда 12 дақиқада етиб келдим.
Ҳа, биз ўрганиб қолганмиз. Бир қадам жойга ҳам автобус, метрода, ҳамёнимиз сал қаппайиб, пулимиз кўпайиб кетса, олифталаниб таксида бориш кўпларимизга урф бўлган. Икки қаватга пиёда кўтарилишга эриниб, лифт деган зормандани роса кутамиз. Кун тартибимиз, овқатланишимизнинг тайини йўқ, ёғли паловдан сўнг пирожнийни паққос туширишни канда этмаймиз. Хасталаниб, тузалишимиз ортга сурилса, барча айбни "дўхтирлар”га осонгина ағдариб, масъулиятни ўзимиздан соқит этишга устамиз.
Айрим эркакларимиз "гап" баҳонасида фарзандлари, оиласи ризқини "чойхона"га ташиб турганида, баъзи аёллар эса ўзи, ҳам ўғил-қизини сифатли овқатлантириш ўрнига тилла тақинчоғу алламбало кийимларга муккасидан кетганида, соғлом ва сифатли овқатланиш ҳақида гапириш мумкинми? Ҳа-я, ошқозондаги сифатли емакни кўз-кўзлаб, мақтаниб бўлармиди, барча, айниқса, дугоналаримиз бизнинг зеб-зийнатларимизга, ўнта бармоқларимиздаги йигирмата қўш узукка, занжиру зиракларга, пўрим либосимизга маҳлиё бўлгани маъқул эмасми...
Назаримда, соғлом турмуш тарзи тўғри мантиқий тафаккур билан узвий боғланиб кетган. Ҳаётимизнинг бир маромда, касалликларсиз, беташвиш кечиши қайсидир маънода руҳий интизомга ҳам уйғундек. Тадбир баҳонасида Алишер Навоий номидаги Миллий боққа соат саккиз бўлмасидан етиб борибман. Қиз-жувонларнинг спорт кийимида югуриб юрганига ҳавас билан боқаман. Ҳа, бу сўлим боғда турли ёшдаги онахонлар, опа-сингиллар тонг саҳардан жисмоний машқ билан шуғулланишини яхши биламан. Қандай ажойиб манзара. Бундай машқлар онахонларни ортиқча вазн, турли касалликлардан асраши уларнинг ўзига яхши аён. Шу боис ҳам бирор кун бўлса-да, мунис оналаримиз машқни канда этмайди.
Бугун жамият янгиланяпти. Онгу тафаккуримиз, турмуш тарзимиз яхши томонга қараб ўзгармоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги "Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони соғлом, ҳар жиҳатдан фойдали турмуш тарзи тамойилларини жамиятимизда кенгроқ ёйишга чорлаши билан ҳам диққатга сазовор. Зеро, саломатлигимиз энг аввало ўзимизга керак ва ўзимизга боғлиқдир!