“Сўғдиёна” ютуқни ушлаб туролмади
Футболда баъзан ҳисоб эмас, ўйиннинг руҳи ва драматизми ёдда қолади. Тошкент вилоятидаги “Дўстлик” стадионида кечган “Сўғдиёна” — “Қўқон-1912” учрашуви айнан шундай баҳслар тоифасига киради. Илк дақиқаларда бир жамоа ҳукмронлик қилган бўлса, иккинчи бўлимда майдонда мутлақо бошқа манзара ҳукм сурди.
Икки ҳафталик танаффусдан сўнг қайта бошланган Суперлига баҳслари жиззахликларнинг фаоллиги билан очилди. Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ “Сўғдиёна” ташаббусни ўз қўлига олди. 14-дақиқада Ислом Қобиловнинг чуқур ва аниқ узатмасидан сўнг Фейсал Мулич ҳужумни мантиқий якунига етказди — 1:0.

Бу гол мезбонларга янада ишонч бағишлади. Қанотлар орқали тезкор ҳужумлар, марказдаги босим — барчаси натижа бераётгандек эди. 40-дақиқада эса Люпчо Дориев ўз маҳоратини намоён қилди: у ҳимоячини бир ҳаракат билан ортда қолдириб, узоқ масофадан дарвозани нишонга олди — 2:0. Биринчи бўлим “Сўғдиёна”нинг тўлиқ устунлигида якунланди.
Бироқ танаффусдан кейин майдонга бошқа руҳдаги “Қўқон-1912” қайтди.

Меҳмонлар устози Андрей Шипилов таъбири билан айтганда, кийим алмаштириш хонасида “эркакча суҳбат” бўлган эди. Бу гаплар амалда ўз аксини топди. 48-дақиқада жамоа сардори Шоҳруҳ Гадоев жарима зарбасини юксак маҳорат билан ижро этиб, ҳисобни қисқартирди — 2:1.
Шундан кейин ўйин йўналиши кескин ўзгарди. Тўп назорати, зарбалар сони ва паслар аниқлиги бўйича устунлик тўлиқ меҳмонлар томонига ўтди. Статистика ҳам буни тасдиқлайди: “Қўқон-1912” 74 фоиз тўп назорати ва 83 фоиз аниқ паслар билан рақибдан сезиларли устун бўлди.
“Сўғдиёна” эса иккинчи бўлимда кўпроқ ҳимояга суянди. Бу эса табиий равишда босимни оширди. 59-дақиқадаги устунга теккан зарба, кетма-кет ҳужумлар — барчаси гол яқинлигини билдириб турарди.
Ниҳоят, 88-дақиқада кутилган воқеа юз берди. Захирадан майдонга тушган Жавоҳир Сидиқов бурчак тўпини узатди, яна бир захира ўйинчиси — Шота Гвазава эса ҳавода барчадан устун келиб, тўпни дарвозага жойлади — 2:2.
Қисқа вақт ичида қўлга киритилган устунликни бой берган “Сўғдиёна” учун бу натижа, табиийки, аччиқ қабул қилинди. Жамоа бош мураббийи Улуғбек Бақоев ҳам буни яширмади:
— 2:0 дан кейин икки гол ўтказиб, дуранг ўйнаш ёқимли эмас. Биринчи бўлимда барчаси режа асосида кетаётганди. Иккинчи бўлимда эса, эҳтимол, жисмоний ҳолат таъсир қилгандир.
Дарҳақиқат, мезбонлар биринчи бўлимда катта куч сарфлади. Иккинчи бўлимга келиб эса темпни ушлаб туриш қийинлашди. Бу ҳолатдан эса меҳмонлар унумли фойдаланди.
Андрей Шипилов эса дурангни адолатли деб баҳолади:
— Биринчи бўлимни ёмон ўтказдик. Аммо танаффусда жиддий суҳбат бўлди. Иккинчи бўлимда жамоа бутунлай ўзгарди.
Шу тариқа, рақамларда эмас, характер ва иродада устун келган ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Бу баҳс “Сўғдиёна” учун — имкониятни қўлдан бой бериш, “Қўқон-1912” учун эса — мағлубиятдан қутқарилган очко сифатида тарихда қолади.
Суперлиганинг эндигина илк ўйинлари ўтказилди. Аммо бу каби драматик ва мазмунли ўйинлар чемпионатнинг анчагина қизиқарли бўлишидан дарак бермоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири