“Сўғдиёна” ва яна 7 жамоа чорак финалда
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон кубоги нимчорак баҳсларининг охирги ўйини Жиззахда “Сўғдиёна” ва Фарғонанинг “Нефтчи” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди.
Учрашув майдон эгаларининг ҳужумлари билан бошланди. Жиззахлик футболчиларнинг кучли босимига қарамай меҳмонлар ҳимояда тартибли ҳаракат қилиб, тез-тез қарши ҳужумларга ўтиб турди. Ҳар иккала жамоа 90 дақиқа давомида дарвозалар олдида кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтирган бўлсаларда, уни голга айлантира олишмади.

Беллашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмагач, кубок ўйинлари регламентига кўра битта ўйиндан иборат плейофф ўйинида ғолиб аниқланмаса, 15 дақиқадан 2 та қўшимча тайим белгиланиши, мабодо унда ҳам ҳеч бир жамоа зафар қучаолмаса, пенальтилар серясига мурожаат этилиши белгилаб қўйилган.

Гарчанд кеч кириб, саратон ҳавоси ҳарорати бироз пасайган бўлсада 30 даражадан юқори иссиқда тўп тепиш ҳар қандай жамоани толиқтириши шубҳасиз. Бундай иссиқда, яна 120 дақиқадан зиёд вақт мобайнида ўйин тақдирини тактикадан кўра кўпроқ футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳал этади. Ва албатта заҳирадан тўғри ва унумли фойдаланиш кўп нарсани ҳал этади.

Десфекувалификациядан сўнг, ўйин пайтида жамоа мураббийлар штаби ўрнига қайтган Иван Бошкович, майдонга ўйинчи туширишда жуда тўғри танловни амалга оширди. “Сўғдиёна”нинг ёш иқтидорли ҳужумчиси Сардорбек Ҳошимов баҳсга қўшилган 112-дақиқада тўпга биринчи бор тегиши гол билан якунланди – 1:0.

Ана шу гол – учрашувни бошқарган рефери Ильгиз Танташевнинг ўйин якунланганлигини англатувчи ҳуштаги янграгунча ўзгармади ва “Сўғдиёна”ни ғалабасини таъминлаб, чорак финалга олиб чиқди.
Маълумот ўрнида шуни айтиш мумкинки, кубок ўйинларининг 3-раундида ўтган йилги мамлакат кубоги соҳиби Қаршининг “Насаф” ҳамда финалчи Олмалиқнинг ОКМК жамоалари гуруҳ баҳсларида қолиб кетган эди. Ушбу раундда эса жорий мавсум бошида олдига юксак мақсадларни қўйган “Нефтчи” ҳам мамлакат кубоги баҳсларидан чиқиб кетди.

Энди “Сўғдиёна” чорак финалда, водийнинг яна бир гранд жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клуби билан ярим финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради.
Шунингдек, кубок ўйинларининг 3-раундида “Сўғдиёна” билан бир гуруҳда беллашиб 2-поғонани банд этган ҳолда чорак финалга чиққан – Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси, ушбу 4-раундда Нукуснинг “Арал” клубини кичик – 0:1 ҳисобида доғда қолдирди ва энди пойтахт футболчилари чорак финалда ҳамшаҳарлари “Бунёдкор” жамоаси билан баҳс олиб боради.

Шунингдек, чорак финалдан “Сурхон” (Термиз) – “Хоразм” (Урганч), “Қизилқум” (Навоий) – “Андижон” (Андижон) жамоалари баҳслари ҳам ўрин олган.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА