Бугун футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида Тошкентнинг “Бунёдкор” ва Олмалиқнинг ОКМК жамоалари ўртасидаги баҳс билан 7-тур якунланади.
Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси ўз майдонида ушбу тур доирасида Андижоннинг “Андижон” клубини қабул қилди. Бу икки жамоа шу пайтгача мамлакат чемпионати доирасида 48 бор тўқнаш келган. Ана шу баҳсларнинг 19 тасида жиззахликларнинг қўли баланд келган бўлса, “Андижон” 17 ўйинда зафар нашидасини сурган. 12 ўйинда эса дуранг натижа қайд этилган. Дарвозаларга киритилган голлар нисбати “Сўғдиёна” фойдасига 68 га 66.

Ўйиндан олдин мутахассислар, агар меҳмонлар иккинчи рақамда тўп суриб, қарши ҳужумлардан унумли фойдаланса, сафардан ғалаба билан қайтишини башорат қилишган эди. Баҳснинг биринчи бўлимида Александр Хомяков айнан шу тактикани танлади. Жорий мавсумни унчалик ҳам муваффақиятли ўтказа олмаётган “Сўғдиёна” футболчилари мезбонлик мақомида ва минглаб мухлислари кўз ўнгида бўлгани боис, футболчилар ҳар томонлама ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилдилар.

Биринчи бўлимда тўпга эгалик қилиш (61 га 39 фоиз), хавфли вазиятлар яратиш, дарвоза томон зарбалар йўллаш бўйича жиззахликлар катта устунлик кўрсатишди.
Чемпионат тўпурари Люпчо Дориевнинг нималарга қодирлигини яхши билган меҳмонлар уни жуда қаттиқ қўриқлашди. Шунга қарамай, Люпчо водийликлар дарвозаси томон жуда хавфли 2 та зарба йўллади. Ҳар иккисида ҳам андижонликлар посбони Элдор Адҳамов ишончли ўйин намойиш этиб, ушбу зарбаларни қайтаришни уддалади.

Шунингдек, Жавоҳир Қаҳрамонов, Умидбек Султоновлар ҳам яққол голга тортадиган вазиятлардан унумли фойдалана олмади.
Кам бўлсада, меҳмонлар ҳам қарши ҳужумлар ташкил этиб турди, аммо улар ҳам гол киритишнинг уддасидан чиқа олмади. Шу тариқа жамоалар ўйиннинг биринчи бўлимини 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунига етказиб, танаффусга чиқишди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими кутилмаганда меҳмонларнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. Таймнинг дастлабки декадасида айнан андижонликлар майдонда нисбатан устунликка эриша олди. Учрашувнинг бу тарзда давом этиши “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошковичга ёқмади ва 57-дақиқада Умидбек Султонов ўрнига майдонга Суҳроб Иззатовни туширди. Сербиялик мураббийнинг ушбу алмаштириши ўзини 100 фоизга оқлади, дейиш мумкин. Чунки Суҳроб майдонга тушгандан 1 дақиқа ўтар-ўтмай жамоадоши Хондамир Мустафоқуловнинг ҳимоячилар устидан ошириб ташлаган тўпини кучли зарба билан меҳмонлар дарвозасининг юқори бурчагига жойлаб қўйди – 1:0.

Киритилган голдан сўнг, деярли 2-рақам тактикасини қўллаган мезбонлар ҳисобдаги фарқни янада оширишлари мумкин эди. Майдон эгаларининг македониялик легионери Дориев рақиб дарвозаси томон яна 2 бор хавфли зарба йўллади, аммо шу куни унга омад етишмади.
Мағлубиятга учрашни истамаган меҳмонлар мураббийи захирадан майдонга бир нечта янги ўйинчиларни туширди ва ўйин шиддатини янада оширди. Бир қатор голга тортадиган хавфли ҳужумлар ташкил этилиб, тўп дарвоза томон йўлланди. Аммо майдон эгалари яхши ҳимояланди, айниқса, жуда хавфли зарбаларни “Сўғдиёна” ва Ўзбекистон U - 20 ёшлар терма жамоаси посбони, 19 ёшли иқтидорли дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров қайтара олди. Учрашувдан сўнг, мутахассислар айнан уни ушбу учрашувнинг “Энг яхши футболчиси” дея эътироф этди.

Ўйиндан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Александр Хомяков: “Жамоам ёмон ўйин кўрсатди, дея олмайман. Биз эътибор қаратган вазифаларимизни бажардик. Тўпни яхши бошқардик ва, айниқса, иккинчи бўлимда устунликка эришдик. Кўплаб вазиятлар яратдик, аммо якун етишмади. Аламли мағлубиятга учрадик” дея жамоаси ўйинига тариф берди матбуот анжуманида.
Шундай қилиб, “Сўғдиёна” – “Андижон” баҳси 1:0 ҳисобида майдон эгаларининг қийин, аммо жуда муҳим ғалабаси билан якунига етди. Ана шу ғалабадан кейин “Сўғдиёна” 7 учрашувдан 7 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида 10-ўринга кўтарилиб олди.
Мазкур турнинг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Қўқон – 1912” (Қўқон) – “Хоразм” (Урганч) – 1:0, “Машъал” (Муборак) – “Сурхон” (Термиз) –0:0, “Навбаҳор” (Наманган) – “Бухоро” (Бухоро) – 3:0, “Пахтакор” (Тошкент) –“Шўртан” (Ғузор) – 1:0, “Насаф” (Қарши) – “Қизилқум” (Навоий) – 4:0.
Ушбу тур доирасида белгиланган учрашувлардан фақат Самарқанддаги “Динамо” ва Фарғонанинг “Нефтчи” клублари ўртасидаги баҳс бошқа муддатга қолдирилди.
Ўтказилган 7 турдан сўнг, Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони Қаршининг “Насаф” жамоаси 17 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди. 7-тур баҳсини бугун ўтказиши белгиланган ОКМК 6 учрашувдан 16 очко жамғарган ҳолда иккинчи, “Бунёдкор” эса, худди шунча ўйиндан 12 очко йиғиб, учинчи поғонани эгаллаб турибди. 7 учрашувдан бор-йўғи 1 очко йиққан “Шўртан” эса ҳамон сўнгги 16-ўринда бормоқда.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири