Футбол бўйича Жиззахда бўлиб ўтган Ўзбекистон Кубоги чорак финал баҳсида “Сўғдиёна” жамоаси Наманганнинг “Навбаҳор” клубини маҳоратли ўйини ва самарали тактик ҳаракатлари ҳисобига йирик ҳисобда мағлуб этиб, ярим финалга йўл олди.
Ўйин кутилмаганда меҳмон жамоа — “Навбаҳор” футболчилари томонидан шиддатли ҳужумлар билан бошланди. Дастлабки 3–4 дақиқа давомида улар майдонда устунликни қўлга олгандек туюлди. Бироқ ушбу босимни енгиб ўтган жиззахликлар кейинчалик ҳар томонлама устунликни намоён эта бошлашди.

“Сўғдиёна”нинг македониялик легионери Люпчо Дориев мамлакатимиз Суперлигасидаги энг кучли футболчилардан бири эканини ушбу учрашувда яна бир бор исботлади. Айниқса, унинг Европа қитъасидан таклиф этилган яна бир легионер Рубин Хебай ва иккинчи даврада жамоага қўшилган Жасур Жалолиддиновлар билан биргаликда уюштирган комбинациялари ўз самарасини бера бошлади.

Учрашувнинг 5-дақиқасида Жасур Жалолиддинов тўпни Люпчога етказиб берди. Дориев эса “Навбаҳор”нинг Жанубий Америкадан келган легионери — ҳимоячи Гильерме Гедешни маҳорат билан алдаб ўтиб, тўпни рақиб жарима майдонида бўш қолган Рубин Хебайга аниқ ошириб берди. Хебай эса вазиятдан унумли фойдаланиб, дарвозани ишғол этди — 1:0.

Биринчи бўлимда бошқа гол қайд этилмади. Шу билан бирга, “Сўғдиёна” майдонда тўлиқ устунликни қўлга киритиб, бир қатор хавфли вазиятларни яратди.
Майдон эгалари бош мураббийи Иван Бошкович иккинчи бўлимда қарши ҳужум тактикасига ўтди. Меҳмонларнинг ҳисобни тенглаштиришга бўлган уринишлари майдон эгалари учун бўш ҳудудлар яратилишига сабаб бўлди. Бу имкониятдан фойдаланган тиниб-тинчиғмас Люпчо Дориев чап қанотдан тезкор ҳаракат қилиб, яна бир аниқ узатмани амалга оширди. Рубин Хебай эса бу узатмани голга айлантиришни уддалаб, учрашувнинг 56-дақиқасида иккинчи голни киритди ва дублни расмийлаштирди — 2:0.

Бу ҳисобдан сўнг, “Навбаҳор” бош мураббийи Сергей Лушчан ўйинни қутқариб қолиш мақсадида таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширди ҳамда "Навбаҳор" бир неча хавфли вазиятларни яратди. Бироқ дарвозабон Милан Митрович ва жиззахлик ҳимоячилар ўз дарвозаларини дахлсиз сақлашди.
Меҳмон жамоанинг олдинга ташланиши натижасида “Сўғдиёна” футболчилари қарши ҳужум учун бир неча имкониятга эга бўлишди. Ана шундай имкониятлардан бирида Суҳроб Иззатовнинг аниқ узатмасини қабул қилган Жавоҳир Қаҳрамонов 84-дақиқада ҳисобни янада оширди — 3:0.
Ушбу голдан сўнг наманганлик футболчиларда руҳий тушкунлик юзага келди. Майдон эгалари эса аксинча, ҳужумни янада фаоллаштиришди. Ҳар жойда ҳозир бўлган Люпчо Дориев, жароҳатдан сўнг майдонга қайттган Шоҳруҳбек Абдураҳмонов ҳамда ҳужумга қўшилган тожикистонлик ҳимоячи Зоир Жўрабоевлар вазиятлардан унумли фойдаланганларида ҳисоб янада йирик бўлиши мумкин эди.
Учрашувнинг 90+2-дақиқасида Жавоҳир Қаҳрамонов яна бир бор ўз маҳоратини намоён этди. Люпчо Дориевнинг зарбаси ҳимоячиларга тегиб, тўп Қаҳрамоновга келиб тушди ва у кучли зарба билан дарвозани ишғол этиб, дубль қайд этди — 4:0.
Шу тариқа “Сўғдиёна” жамоаси Ўзбекистон Кубогининг биринчи ярим финалчисига айланди. Бугун эса “Пахтакор” (Тошкент) – Машъал” (Муборак) ўйини, эртага эса “Бунёдкор” (Тошкент) – “Бухоро” (Бухоро), шунингдек, “Динамо” (Самарқанд) – “Шўртан” (Ғузор), учрашувлари натижасидан сўнг қолган учта ярим финалчи ҳам аниқ бўлади.
А. Қаюмов,ЎзА мухбири