“Сўғдиёна” мағлубиятга учради
Ўзбекистон чемпионатида 19-тур ўйинлари ниҳоясига етди. Ушбу турда Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси Бекобод шаҳрида маҳаллий “Металлург” клубининг меҳмони бўлди.
Учрашув майдон эгаларининг босими остида бошланди. “Металлург” футболчилари жиззахликлар дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятларни вужудга келтирди ва учрашувнинг 29-дақиқасига келиб, беллашувни бошқарган ҳакам Aскер Нажафалиев VAR аралашувидан сўнг тўп жарима майдони ичида жиззахликлар ҳимоячиси қўлига теккани сабаб “Сўғдиёна” дарвозаси томон 11 метрлик пенальти белгилади. Жарима зарбасини бекободликлар футболчиси Бектемир Абдуманнонов дарвозага аниқ йўллади – 1:0.
Меҳмонларнинг кетма-кет ҳужумларидан кейин учрашувнинг биринчи бўлимига қўшиб берилган (45+1) дақиқада Шаҳбоз Жўрабековнинг тўп узатишидан сўнг Абдужалил Маназаров ўртадаги фарқни тенглаштирди – 1:1.

Учрашувнинг 2-бўлими томонларнинг тенг курашлар остида қарама-қарши ҳужумлари билан ўтди. Ҳарчанд уринмасин ҳар иккала жамоа аъзолари гол киритишнинг уддасидан чиқмади. Қўшиб берилган 90+5 дақиқада ўйинни бошқарган ҳакам яна бир бор VARга мурожаат қилиб, “Сўғдиёна” дарвозаси томон шу ўйиннинг ўзида 2-бор 11 метрлик жарима белгилади. Бектемир Абдуманнонов “Сўғдиёна”нинг сербиялик посбони Милан Митровичга бу сафар ҳам ҳеч қандай имконият қолдирмади – 2:1.
“Сўғдиёна” Бекободдаги мағлубиятдан сўнг эса “Сўғдиёна” чемпионлик баҳсида ўз имкониятларини анча қийинлаштириб қўйди.
Ўзбекистон чемпионати 19-турининг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: АГМК (Олмалиқ) – “Пахтакор” (Тошкент) – 0:2, “Насаф” (Қарши) – “Қўқон-1920” (Қўқон) – 2:1, “Навбаҳор” (Наманган) – “Қизилқум” (Навоий) – 1:0, “Олимпик” (Тошкент) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 1:1, “Сурхон” (Термиз) – “Локомотив” (Тошкент) – 2:1, “Нефтчи” (Фарғона) – “Динамо” (Самарқанд) – 4:1.
Энди миллий чемпионатимизда ФИФА кунлари муносабати билан суперлигада қисқа муддатли танаффус бўлади.
А.Қаюмов, ЎзА