“Сўғдиёна” илк баҳсини ғалаба билан бошлади
“ОФК кубоги-2022” баҳсларига старт берилди.
Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жиззахнинг “Сўғдиёна” профессионал футбол клуби халқаро майдондаги биринчи баҳсини муваффақиятли бошлади.
ОФК кубоги “E” гуруҳ 1-тур доирасидаги “Сўғдиёна” (Ўзбекистон) – “Нефтчи” (Қирғизистон Республикаси) ўйини бўлиб ўтди. Баҳс Улуғбек Бақоев шогирдларининг устунлиги ва босими остида бошланди.

Ўйиннинг биринчи бўлимига ҳиндистонлик ҳакам Срикришна Комибаторе томонидан қўшиб берилган дақиқаларда жиззахликлар сардори Жасур Ҳасановнинг бурчакдан узатган тўпига ҳаммадан аввал етиб борган “Сўғдиёна”нинг сербиялик легионери, учрашувдан сўнг “Ўйиннинг энг яхши футболчиси” деб топилган Лука Чермель рақиб дарвозабонини доғда қолдирди – 1:0. Жамоалар ана шу ҳисоб билан танаффусга чиқди.
Ўйиннинг иккинчи бўлими қирғиз футболчиларининг ҳужумлари билан бошланди. Ўзбекистонликлар дарвозаси олдидаги хавфли вазиятларни “Сўғдиёна” дарвозабони бартараф этди.

Учрашувнинг 53-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг энг тажрибали футболчиси, тиниб-тинчимас Жасур Ҳасанов узатган тўпини жиззахликларнинг яна бир сербиялик легионери Марко Колакович рақиб дарвозасига аниқ йўллаб, ўртадаги фарқни 2 тага етказди.
“Сўғдиёна” ОФК кубогидаги илк баҳсини ғалаба билан бошлади ва қўшни Қирғиз Республикасининг “Нефтчи” клубини 2:0 ҳисобида доғда қолдирди.

Душанбенинг ЦСКА ва Туркманистоннинг “Олтин Аср” ўртасидаги баҳсда дуранг қайд этилди – 1:1. Бу дурангдан сўнг “Сўғдиёна” 3 очко билан гуруҳ пешқадамига айланди.
ОФК кубоги “Е” гуруҳи 2-тур ўйинлари 27 июнь, душанба куни бўлиб ўтади. Шу куни “Сўғдиёна” майдон эгалари, Душанбе шаҳрининг ЦСКА жамоасига қарши майдонга чиқади.
А.Қаюмов, ЎзА