“Сўғдиёна” 4-турда ғалаба қозонди
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида 4-тур баҳсларидан кейин, ушбу мавсумда 4 та учрашувдан сўнг очко йўқотмаган жамоанинг ўзи қолмагани жорий йилги чемпионат ҳар галгисидан-да муросасиз ўтишини кўрсатаётган бўлса, ажаб эмас.
Ушбу турдаги марказий учрашув Фарғонада “Нефтчи” ва Наманганнинг “Навбаҳор” баҳси, деб қаралган бўлсада, Жиззахдаги “Сўғдиёна” ва ўзбек футболининг авангарди саналган пойтахтнинг “Пахтакор” клублари ўртасидаги ўйин мухлис ва мутахассисларнинг фикрича “марказий учрашув” деган мақомга кўпроқ лойиқ кўрилганди...
Бу икки жамоанинг ўзаро баҳслари, уларнинг турнир жадвалида эгаллаб турган ўринларидан қатъий назар, ҳамиша кескин, муросасиз ва курашларга бой бўлиб ўтган.

Аммо ҳар иккала жамоанинг биринчи бўлимда намойиш этган ўйинида на кескинлик ва на муросасизлик кўзга ташланмади. Ўтган 45 дақиқа ва ҳакам томонидан қўшиб берилган яна 8 дақиқа давомида на майдон эгалари ва на меҳмонлар голга тортадиган бирорта вазият ярата олмагани ушбу ўйиннинг қанчалик суст ўтганини кўрсатади.

“Пахтакор” футболчилари 4 кун муқаддам 1-турнинг қолдирилган баҳсида Муборакнинг “Машъал” жамоасини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, чарчаб қолганга ўхшаса, жиззахликлар дастлабки 3 турдаги қаторасига мағлубиятлардан сўнг, руҳий тушкунлик ва ўз кучларига бўлган ишончнинг етишмаётгани яққол сезилиб турди.

“Сўғдиёна”нинг сербиялик бош мураббийи, ўзбек футболи ҳавосидан анчадан буён нафас олиб келаётган Иван Бошкович, “Пахтакор”нинг Португалиядан таклиф этилган бош мурббийи, ҳамкасби Педро Моррерага қараганда ўйиннинг иккинчи бўлимига ўз шогирдларини анча яхшироқ тайёрлаб майдонга туширгани илк дақиқаларидаёқ намоён бўлди.

Ўйиннинг 46-дақиқасида “Сўғдиёна”нинг сербиялик легионери Жоржевичнинг узатмасидан сўнг Македониядан келган футболчи Лупче Дориев меҳмонлар ҳимоячиси Алижоновни ортда қолдириб, тўпни “Пахтакор”нинг Европадан келган посбони Жонатаннинг оёқлари орасидан ўтказиб дарвоза тўрига туширишни уддалади – 1:0.
Меҳмон футболчилар ўзларига келиб улгурмай, орадан 5 дақиқа ўтиб, учрашувнинг 51-дақиқасида мезбонлар футболчиси Отабек Аҳадовнинг узатмасини меҳмонлар жарима майдонида ҳеч ким қўриқламаётган Жоржевич ҳаммадан баланд сакраб, боши билан дарвозага йўналтириб, ўртадаги фарқни оширди – 2:0.

Шундан сўнг, “Пахтакор”нинг португалиялик бош мураббийи таркибда бир қатор ўзгаришлар қилиб, ўйин тизгинини бироз ўз қўлга олгандек бўлди. Аммо меҳмонларга шу куни омад кулиб боқмади. Қайтанга қарши ҳужумда тўп сурган майдон эгалари, яратилган бир қанча голли вазиятлардан фойдалана олишмади. Акс ҳолда ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши мумкин эди.
“Сўғдиёна” қаторасига 3 турдаги мағлубиятдан сўнг, ниҳоят, ўзбек футболидаги энг номдор жамоа “Пахтакор”ни мағлубиятга учратиб, жорий мавсумдаги биринчи ғалабасини қўлга киритди. Ўйинлари ўзига ўхшамайдиган “Пахтакор” жамоаси футболчилари эса, жорий мавсумдаги учинчи мағлубиятни қабул қилиб олишга мажбур бўлди. Ҳали пойтахт жамоаси мавсумни бу қадар ёмон бошлаганини тажрибали футбол мухлиси сифатида шахсан мен эслай олмадим. Ўзбек футболининг энг номдор клубининг тақдири ҳақида жамоа раҳбарияти жиддироқ ўйлаб кўрса яхши бўларди.
4-турнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалдар қайд этилди: “Бухоро” (Бухоро) – “Бунёдкор” (Тошкент) – 0:2, “Сурхон” (Термиз) – “Қўқон-1912” (Қўқон) – 3:1, “Нефтчи” (Фарғона) – “Навбаҳор” (Наманган) – 3:2, “Шўртан” (Ғузор) – “Насаф” (Қарши) – 1:4, ОКМК (Олмалиқ) – “Динамо” (Самарқанд) – 0:0.
Ушбу турдан жой олган Навоийнинг “Қизилқум” ва Урганчнинг “Хоразм” жамоалари ўртасидаги баҳс бошқа кунга кўчирилди.
Турнир жадвалида 10 тадан очко тўплаган “Бунёдкор” ва ОКМК пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда 8 тадан очко билан “Насаф” ва “Динамо” жамоалари бораяпти. Сўнгги 16-поғонада эса 1 очко билан “Шўртан” турибди.
А.Қаюмов, ЎзА