Бухоро вилояти Қоракўл туманининг “Маллаишайх” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 20-сонли умумтаълим мактаби вилоятда ўз ўрни ва мавқеига эга таълим даргоҳларидан. Мазкур таълим даргоҳи битирувчилари йилдан-йилга олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари, турли фан олимпиадаларида эришаётган ютуқлари билан ажралиб туради.
Ана шундай билим масканида таҳсил олган собиқ ўқувчилардан Насриддин Сувонов ўзи туғилиб ўсган қишлоғига меҳр ва садоқатини амалда намоён этди. У 1982–1993 йилларда таҳсил олган ушбу мактабнинг ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қурилган ва бугун таъмирталаб аҳволга келган эски биносини қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига 210 ўқувчи ўрнига эга масканга айлантириб, қайта мукаммал таъмирлаб берди.

– Ўзим таҳсил олган мактабнинг янгидан қурилгандек, чирой очганини кўриб кўнглим ёришди. Бу ерда менинг болалик хотираларим, устозларимнинг мангу излари бор. Шу сабабли бу даргоҳни обод қилиб, эртамиз эгалари, фарзандларимиз учун таъмирлаб беришни ўз бурчим деб билдим, – дейди тадбиркор Насриддин Сувонов.
Янги ўқув йилида қад ростлаган замонавий мактаб биносининг тантанали очилишида туман ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигидаги масъуллар, жамоатчилик вакиллари, маҳалла фаоллари ва ота-оналар қатнашди. Сўзга чиққанлар чекка маҳаллада амалга оширилган эзгу иш, унга ҳомийлик қилган тадбиркорга миннатдорлик билдириб, барчани самимий табриклади.

Тадбирда кўпни кўрган нуронийлар юртимиз тинчлиги-осойишталиги, оилалар турмуши фаровон бўлишини тилаб дуога қўл очди. Янгиланган таълим маскани рамзий лентаси қирқилгач, йиғилганлар унда янги авлод учун яратилган шарт-шароит, китоб фонди, синф хоналари билан яқиндан танишди.

– Бугун менинг шогирдим таҳсил олган мактабини янгилаб берди, – дейди мазкур таълим масканида эллик йил давомида биология фанидан сабоқ бериб келган Сотиболди Сойибов ғурурланиб. – Бундай эзгу амаллар ёшлар учун ибрат, устозлар учун эса энг катта мукофотдир.
Мактабнинг ички шароитлари ҳам замонавий талабларга мослаштирилди. Синф хоналари кенг ва ёруғ бўлиб, ҳар бир хонага зарур жиҳозлар ўрнатилди. Махсус Хитойдан олиб келинган ўқув парталари ўқувчиларнинг ёшига мос равишда созланади. Шунингдек, мактаб кутубхонаси янги китоблар ва электрон ресурслар билан бойитилди.
– Мактабимизда 890 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўтган ўқув йилида битирган ўқувчиларимизнинг аксарияти ўзлари танлаган йўналишларда олий таълимга ўқишга киргани бизнинг катта ютуғимиздир. Энди эса мактабимизда ўғил-қизларимизни янада қулай шароитларда ўқитиб, билим бериш имкониятига эгамиз, – дейди мактаб директори Акрам Ҳафизов.
Шу куни тадбир муносабати билан туман ҳокими мактабнинг 1-синфига қабул қилинган 96 нафар ўқувчига портфель, дафтар ва бошқа 12 хилдаги зарур ўқув қуролларидан таркиб топган “Президент совғалари”ни топширди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.