СМТИ ва IFANS Сеул форуми: Ўзбекистон – Корея ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда
Жорий йилнинг 17 июнь куни Сеул шаҳрида СМТИ ҳамда Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Миллий дипломатия академияси (KNDA) ҳузуридаги Халқаро муносабатлар ва миллий хавфсизлик институти (IFANS) билан ҳамкорликда ташкил этилган «Ўзбекистон ва Корея Республикаси: мулоқотдан амалий ҳаракатлар сари – янги даврда стратегик шериклик» мавзусидаги Ўзбекистон – Корея экспертлар форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг етакчи таҳлилий марказлари, илмий муассасалари ва экспертлар ҳамжамиятидан 40 нафардан ортиқ мутахассис иштирок этди. Корея томонидан KNDA, IFANS, Корея халқаро иқтисодий сиёсат институти (KIEP), шунингдек, ядро қуролини тарқатмаслик, халқаро хавфсизлик ва савдо, глобал бошқарув соҳалари бўйича экспертлар қатнашди.
Ўзбекистон делегацияси таркиби СМТИ, Рақамли технологиялар вазирлигининг Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбарияти ва ходимларидан иборат эди.
Форум кун тартиби саноат кооперациясидан тортиб, муҳим аҳамиятга эга ресурслар ва илғор рақамли технологияларгача бўлган икки томонлама ҳамкорликнинг асосий йўналишларини қамраб олди.

KNDA раҳбари Чхве Хён Чхан форумнинг очилишида Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклиги динамикаси ҳайратланарли эканини таъкидлади. Ўтган йиллар давомида муносабатлар анъанавий форматлар доирасидан чиқиб, технологик алоқалар, саноат кооперацияси, рақамли трансформация ва гуманитар соҳаларни қамраб олди.
Шу нуқтаи назардан, у доимий мулоқот ва ўзаро англашувни чуқурлаштириш биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Шимоли-Шарқий Осиё ва Марказий Осиёни боғловчи энг жадал ривожланаётган ҳамда муҳим шерикликлардан бирини шакллантириш имконини беришига ишонч билдирди.

KNDA Ядровий қуролларни тарқатмаслик ва халқаро хавфсизлик тадқиқотлари маркази директори Пан Гил Жу Ўзбекистоннинг бир вақтнинг ўзида ҳам Глобал Жануб мамлакатлари, ҳам Ғарб давлатлари билан конструктив ҳамкорликни ривожлантираётган давлат сифатидаги алоҳида ўрнини қайд этди.
Унинг фикрича, юқори даражадаги ишонч икки томонлама кун тартибини, жумладан, сиёсий ва парламентлараро соҳаларни янада кенгайтириш учун имконият яратади.

KNDA профессори Сон Тэ Ин Ўзбекистон Корея Республикасининг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорларидан бири бўлиб, минтақавий интеграцияни чуқурлаштиришда муҳим боғловчи бўғин бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
У рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги жадал тараққиётни қайд этиб, бу алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ва киберхавфсизлик бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очаётганини қайд этди.
Форум иштирокчиларининг алоҳида эътибори савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни чуқурлаштириш истиқболларига қаратилди.

KIEP илмий ходими Чо Ён Хуннинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2017 йилдан буён Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар иқтисодиётнинг барқарор ўсишига ва ишбилармонлик муҳитининг яхшиланишига олиб келди.
Унинг сўзларига кўра, кейинги қадам — мураккаб ишлаб чиқариш занжирларига ўтиш орқали саноат самарадорлигини оширишдан иборат ва бу борада Корея тажрибаси жуда қўл келиши мумкин. Шу нуқтаи назардан, эксперт ҳамкорлар топишни тезлаштириш ва лойиҳаларни аниқ инвестицияларга айлантириш мақсадида Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги (UzIPA) ҳамда Корея савдо ва инвестицияларга кўмаклашиш агентлиги (KOTRA) ўртасида бевосита ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Ўз навбатида, KNDA профессори Ли Хё Ён икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини юқори даражада тўлдириб туришини алоҳида таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ўзбекистондаги ислоҳотлар саноат, рақамли иқтисодиёт, энергетика ва муҳим фойдали қазилмалар соҳаларида ҳамкорлик учун янги имкониятлар очмоқда.
Профессор Корея бизнесининг хусусийлаштириш, саноат кластерлари, инфратузилмани модернизация қилиш ва «ақлли» шаҳарлар қуришга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини айтиб, давлат бошқарувини рақамлаштириш ва молиявий технологияларни рақамлаштиришни истиқболли йўналишлар сифатида эътироф этди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг энергетик ўтиш бўйича режалари ҳамда қўшма ишлаб чиқариш занжирлари учун мустаҳкам замин яратувчи салмоқли уран, вольфрам ва молибден захиралари борлиги алоҳида қайд этилди.
Форум давомида бугунги кунда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги узоқ муддатли стратегик шерикликнинг асосий омилларидан бирига айланиб бораётган инсон капиталини ривожлантириш ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

KIEP тадқиқот гуруҳи раҳбари Чан Ён Укнинг айтишича, аҳолининг қариши ва меҳнатга лаёқатли ресурсларнинг қисқариши фонида Корея Республикасида, айниқса, АКТ, соғлиқни сақлаш, логистика, хизматлар ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида хорижий кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда.
Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ёш, билимли аҳолиси Корея меҳнат бозори учун катта қизиқиш уйғотади. Шу муносабат билан эксперт E-7 (малакали мутахассислар учун) ва E-8 (вақтинчалик мавсумий ишчилар учун) визалари бўйича ўзбекистонлик мутахассисларни фаолроқ жалб қилишни, шунингдек, Корея Республикасининг маҳаллий ҳокимият органлари ва Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришни таклиф қилди.
Таълим ва институционал ҳамкорлик соҳасидаги истиқболлар муҳокаманинг алоҳида йўналиши бўлди.

KNDA профессори Сон Жи Сон Ўзбекистон Кореянинг соғлиқни сақлаш, таълим, давлат бошқаруви ва рақамлаштириш соҳаларида ривожланиш учун расмий ёрдам кўрсатиш бўйича асосий ҳамкорларидан бири бўлиб қолаётганини таъкидлади. Ривожланишга доир анъанавий ёрдамни кенгроқ молиявий воситалар билан босқичма-босқич тўлдириб бориш ҳамда идоралар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш алоҳида эътиборга лойиқдир.
Форум якунларини сарҳисоб қилар экан, иштирокчилар Ўзбекистон – Корея алоҳида стратегик шериклигини янада чуқурлаштиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва ҳамкорликнинг янги соҳаларини ишлаб чиқишнинг самарали механизми сифатида мунтазам экспертлар мулоқотини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Томонлар 2026 йил сентябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган «Корея Республикаси – Марказий Осиё» биринчи саммити арафасида Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши мумкин бўлган амалий тавсияларни тайёрлаш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.