Смоленскдан Берлингача бўлган оловли йўл
Тошкент шаҳри Олмазор тумани Ачавот маҳалласида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аббос ота Аппанов истиқомат қилади. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари билан отанинг ҳолидан хабар олиш мақсадида хонадонига кириб бордик. Бизни 97 ёшни қарши олган Аббос отанинг ўзлари пешвоз чиқиб кутиб олди ва меҳмонлар учун ажратилган хонага таклиф қилди. Бир пиёла чой устида ўтган самимий суҳбат, 60 йил умрини таълим соҳасига бағишлаган Аббос отанинг гапга жуда уста инсон эканлигини кўрсатди.
– Ёшлигимдан жуда қизиқувчан бўлганман ва яхши ўқиганман. Оиламиз ҳам зиёли оила эди. 1941 йил ўқитувчилар тайёрлайдиган икки йиллик олийгоҳнинг ўзбек тили ва адабиёти йўналишини тугатганимдан кейин, ҳозирги Тошкент туманидаги 29-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Ўқитувчилик фаолиятим ҳали кўп давом этмасдан, 1942 йилнинг февраль ойида кўнгиллилар сафида фронтга кетдим, – дейди Аббос ота. – Уруш мен учун Смоленск шаҳридан бошлаган. Кейин Белоруссияга ўтиб, уни озод этишда иштирок этдим. Белоруссия озодлигини қўлга киритганимиздан кейин, Польша озодлиги учун тинимсиз жанглар қилдик. Ва ниҳоят Польша ҳам фашистлардан тозаланди. Польша ва Белорус фронти қўшилиши оқибатида I Белорус фронти ташкил этилди. Унга маршал Георгий Жуков қўмондонлик қилди. Унинг қўмондонлиги остида жанглар қилиб, Берлингача бордик. 1945 йил 2 май куни Берлин мутлоқ ишғол қилинди. Смоленскдан Берлингача бўлган йўл, ўша вақтдаги ҳарбий техникалар билан босиб ўтилди. Босиб ўтилган йўлларимиздаги жангларни гап билан тушунтириш жуда оғир.
Суҳбат шу ерга етганида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, истеъфодаги подполковник Марат Ҳакимов «День Победы» қўшиғини куйлади. Куй ва қўшиқ оҳангига жўр бўлган Аббос ота қўшиқ тугагач яна урушдаги хотираларни ёдга олди.

– Уруш йиллари фронтга Ўзбекистондан ҳам санъат аҳли бориб турарди. Тамарахоним келганда ҳам бир неча маротаба кўрганман. Фронтнинг сал орқароқ томонида, имкон бўлса саҳнага ўхшатиб ясатилган жой, агар имкони бўлмаса пасроқ жойларда ҳам концерт дастурларини намойиш қилишарди. Айниқса, яраланган аскарлар ётган дала госпиталида уларнинг кўнглини кўтариш учун рақс ва қўшиқлар бўларди. Ярадор аскарлар ҳам зерикиб, ҳам оғриққа чидай олмай ётишарди. Бундай концертларни улар диққат билан кўришарди. Аслида аскарларнинг кўнглини кўтариб, улардаги жанговарликни оширишда санъаткорларнинг ҳам хизмати жуда катта бўлган, – дейди Аббос ота. – Ҳар бир кунимизнинг ўзи жуда катта бир эпизод. Уларнинг ҳар бирини эслаб гапириб беришим жуда мушкул. Биргина вазиятни айтиб беришим мумкин. Беларуснинг Гродно шаҳри орқа томонида Неман дарёси бор. Оғир жанглардан кейин ўша дарёнинг бўйида, тушлик қилиш учун йиғилдик. Овқатни олдимизга олган вақтимизда бирданига отишма бўлиб қолди. Ёнимизда портлаш бўлди. Минами, бомбами билмай ҳам қолдик. Ўша портлашда иккита энг яқин сафдошимдан айрилдим. Тинчиб турган пайтда шундай вазият содир бўлишини кутмагандик. Овқат ҳам қолди. Яна жанговар вазият, яна жанг бошланди. Ўзим ҳам портлашда ярадор бўлгандим.

Елкам ва ўнг қўлимга портлашдан кейин темир парчалари кириб қолган экан. У пайтларда нима бўлишини ўйламасдик, нима бўлса ҳам олдинга интилардик. Бизга ғалаба керак эди. Ўша сўзни эшитиш учун фақат олдинган ҳаракатланганмиз. Кунларнинг бирида дала госиталида ётганман. У ерда мени операция қилишлари керак эди. Ён-атрофимизда снарядлар портларди. Ўқ овози тинмасди. Шунда ёнимга оғир ҳолатдаги аскарни операцияга олиб келишди. Оёғини кесиш керак экан. Врач менга «Сенинг дардингдан кўра бу аскарнинг вазияти оғирроқ, шунинг учун сен кутиб тур», деди. Оёғини кесиш керак бўлган аскарга наркоз ҳидлатишди. Менга тескари қараб ётишимни айтган бўлсада, мен барибир ўша томонга қарардим. Икки санитар аёл қўлида арра билан аскарнинг оёғини кесарди. Аскар бўлса жуда қаттиқ ва тез хирилларди. Операция тугагач хириллаши ҳам секинлади, кейин уни олиб чиқиб кетди. Менга навбат келганда наркоз ҳидлатмоқчи бўлди. Йўқ деб туриб олдим. Наркозсиз ҳам операция қилавер, мен чидайман дедим. Икки санитар икки томонимдан ушлаб турди.
Врач елкам ва ўнг қўлимдаги темир парчаларини олиб ташлади.Бу воқеаларни хотирлашимнинг сабаби, шундай оғир шароит бўлишига қарамасдан, ғалабага ҳар бир соҳа вакиллари ўз ҳиссасини қўшганлигини айтмоқчиман. Бунга ўхшаган воқеалар жуда кўп бўлган.
Ғалабани Берлинда эшитдик. Ғалаба бўлганлигини эшитганимиздан кейин, вайроналар остида қолган асосий катта кўчаларни ўзимиз тозаладик. Чунки кўча тозаланмаса, ҳеч қаерга юриб бўлмасди. Вайроналар ичида бузилмай қолган хонадонларда яшаётганлар, уруш аслида уларнинг ҳам жонига теккан эди, оқ байроқларни кўтариб чиқиб, тозалаш ишларида бизга қарашиб юборишди. Берлинда «Трептов» деган парки бор экан, ҳалок бўлган барча сафдошларимизни топиб, ўша паркнинг ичига дафн этдик.

Ғалабадан кейин Эльба дарёсидан 200 км узоқликда жойлашган Плауэн шаҳрида 95-ўқчи дивизиямиз жойлаштирилди. Мен ўша ерда яна бир йилдан ортиқ хизмат қилдим. СССР олий совети президиумининг ўқитувчиларни хизматдан озод қилиш тўғрисида қарори асосида 1946 йил уйга қайтарилдим, – дея Аббос ота фронтдаги хотираларига якун ясади.
Ташрифимиз тугаб, ортга қайтар эканмиз, Аббос ота яна кўча эшигининг олдигача кузатиб қўйди ва юртимизнинг тинчлигига кўз тегмаслигини ният қилиб дуо қилди.
Шерзод ШАРИПОВ,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти