Словакия Бош вазири Роберт Фицо Европа Иттифоқи томонидан Россияга нисбатан қўлланаётган янги санкция тўпламини қўллаб-қувватлаш эвазига ўз мамлакатига 2034 йилгача Москвадан газ харид қилишга рухсат берувчи ҳуқуқий истисно талаб қилди. Бу борадаги таклиф кеча расман эълон қилинган.
Фицо Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен юборган уч саҳифали хатни етарли, деб ҳисобламади. Унинг таъкидлашича, таклифда аниқ молиявий компенсация ёки Словакия учун алоҳида истисно назарда тутилмаган.
"Euronews" хабарига кўра, Еврокомиссия Словакия ва бошқа давлатларга РФдан энергия импортини 2027 йилгача босқичма-босқич тўхтатиш режаси акс этган ҳужжат тақдим этган. Фицо фикрича, газ импортини тўхтатиш истеъмолчилар учун нархни ошириб, энергетика хавфсизлиги ва рақобатбардошликка путур етказади.
Мулозим "Газпром" билан 2034 йилгача тузилган шартнома бекор қилинса, Словакия 16-20 миллиард евро товон пули тўлаши лозимлигини ҳам билдирган. Ташкилот эса айни ҳолатда “форс-мажор” қоидаси иш бериши ва юридик хавф юзага чиқмаслигини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА