Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
– Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда, – деди депутат Ш.Тўхташев. – Шунингдек, фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган ҳолат муайян қисқа муддат давомида қарор қабул қилинмаган тақдирда ҳуқуқий оқибатини келтириб чиқармаслигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
Шунга кўра, қонун лойиҳаси билан автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги қайд этилган ҳолларда транспорт воситасининг мулкдори тўғрисида маълумот мавжуд бўлмаса, шунингдек, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар жарима солиш тўғрисида қарор чиқаришга ваколатли бўлган мансабдор шахсга (яъни ҳуқуқбузарга эмас) 48 соат ичида юборилмаган бўлса, ишни кўриб чиқиш тугатилиши ҳақидаги норма билан тўлдирилмоқда.
Бундан ташқари, белгиланган тартибда нур қайтаргич ва чироқлар билан жиҳозланмаган индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутер, мопед ва велосипедларни бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситалари, скутер, мопед ва велосипедлар ҳайдовчиларининг йўловчиларни ташиш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилмоқда.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан юритилган маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликдан воз кечган ҳолда тугатиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини, йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олиниши ҳамда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишига хизмат қилади.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА