Сизни ўйлантираётган саволлар борми?
Адлия вазирлигига мурожаат қилинг ва мутахассислардан жавоб олинг!
Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева фуқаролар, хусусан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тушган саволларга жавоб қайтарди:
Савол: Контракт тўлаш муддати узайтирилдими?
Жавоб: Олий таълим муассасалари бакалавриати ва магистратурасига базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган ҳамда хорижий фуқаро сифатида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар, ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тикланган талабалар ўқиши учун тўлов ҳақини ўтказиш ҳамда талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2020 йил 1 декабрь этиб белгиланди.
Савол: Яқинда ўқишни битирдим. Ишга кириш учун мурожаат қилганимда иш берувчи менга 3 ой дастлабки синов муддати билан ишга қабул қилишини айтди. Қонунчиликда кимларга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилмайди?
Жавоб: Меҳнат кодексининг 84-моддасига кўра, қуйидаги тоифадаги шахсларга дастлабки синов муддати қўлланилмайди: ҳомиладор аёллар; 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёллар; корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахслар; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчилар; ходимлар билан 6 ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилиб, ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди.
Савол: Никоҳ бекор қилинганидан сўнг собиқ турмуш ўртоғим мени тураржой билан таъминлашга масъулми?
Жавоб: Оила кодексининг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Шунингдек, Кодекснинг 118-моддасига мувофиқ, етарли маблағга эга бўлган собиқ эр (хотин)дан: собиқ хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида; ўртадаги ногирон бола ўн саккиз ёшга тўлгунча ёки болаликдан I гуруҳ ногирони бўлган болага қараган ёрдамга муҳтож собиқ хотин (эр); никоҳдан ажралгунга қадар ёки никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб бир йил давомида меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган ёрдамга муҳтож собиқ хотин (эр); никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб беш йил ичида пенсия ёшига етган ёрдамга муҳтож хотин (эр), агар эр-хотин узоқ вақт никоҳда туришган бўлса, суд тартибида алимент талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
Никоҳдан ажралгандан кейин собиқ эр ёки хотинга тўланадиган алимент миқдори ва уни тўлаш тартиби собиқ эр-хотин ўртасидаги келишув билан белгиланиши мумкин. Шу сабабли, агар эрингиз билан умумий мулкингизда тураржой мавжуд бўлса, суд орқали эрингиздан тураржойга бўлган ўз хиссангизни ажратиб бериш ҳақида даъво қилишингиз мумкин.
Савол: Мен машинамни ижарага бермоқчи эдим. Ушбу ҳолатда ижара шартномаси қандай тасдиқланади? Қандай ҳужжатлар талаб этилади?
Жавоб: Амалдаги қонунчиликка кўра, автомототранспорт воситасининг ижара шартномаси нотариус томонидан фақат махсус гербли бланкада тасдиқланади.
Ижара шартномаси яшаш жойи, доимий ёки вақтинчалик пропискадан қатъи назар, исталган нотариал идорада расмийлаштирилиши мумкин.
Ижара шартномасини тасдиқлаш учун нотариал идорага тақдим этиладиган ҳужжатлар: тарафларнинг паспорти; автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома (техпаспорт); агар автомототранспорт воситаси эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мулки бўлса, эрнинг (хотиннинг) розилиги; агар автомототранспорт воситаси гаровда турган бўлса, гаровга олувчининг розилиги; агар шартнома вакил томонидан тузилаётган бўлса, унинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжат (ишончнома).
Савол: Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномалари билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомототранспорт воситаларини бошқариши мумкинми?
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарори билан тасдиқланган низомнинг 74-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фақат Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари автомототранспорт воситаларини бошқариш учун ҳақиқий ҳисобланади.
Шунингдек, Низомнинг 76-бандига кўра, бошқа хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлатларда олган ҳайдовчилик гувоҳномаларини Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштиришдан олдин улар ЙҲХББ орқали Ташқи ишлар вазирлигида текширилади.
Текшириш натижасида ҳайдовчилик гувоҳномалари тасдиқланган шахсларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, улар тиббий кўрикдан ўтиб, назарий ва амалий имтиҳонларни топширганидан сўнг, Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштирилади.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА