Сизга таъзимдамиз, муҳтарам аёл
Байрамлар баҳонасида ўксик кўнгилларни кўтариш, ғамгин дилларга қувонч улашиш инсонийлик фазилатларидан саналади. Айниқса, мунис онахонлар, муҳтарама аёллар бир оғиз ширин сўз-у бир дона гулдан кўзлари порлайди, қалблар қувончга тўлади. Зеро, қай бир юртда аёллар, оналар эъзозланар экан, шу жойда меҳр-оқибат, бирдамлик ва барака бўлади.
8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида маънавият ходимлари маҳаллаларда бўлиб, кайвони онахонлар, опа-сингиллар ҳолидан хабар олмоқда. Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими томонидан “Сизга таъзимдамиз, муҳтарам Аёл” лойиҳаси ташкил этилди.


Фарғона туманидаги “Саноат” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Раҳимахон Кенжабоева матонатли оналардан бири. Фарзандидан ёдгор бўлиб қолган Бибисорани чақалоқлигидан оқ ювиб, оқ таради, муносиб тарбиялаб вояга етказди. Биринчи гуруҳ ногирони, тўшакка михланган бу қиз 17 ёшга кирди. Онахон бор меҳрини унга бағишлади.



Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов ҳамда тарғиботчилар мазкур хонадонда бўлиб Раҳима опани байрам билан табриклади. Оила аъзоларига ширин сўз айтиб, имкон қадар кўнгилларини кўтарди. Шунингдек, мазкур маҳаллада яшовчи, 1-гуруҳ ногирони Рисолатхон ая Аҳмадова, Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Фотимахон Дадажонова, Боқияхон Аппоновалар хонадонидаги йўқловлар ҳам уларни беҳад мамнун этди.


– Байрам кунлари хонадонингга йўқлаб келишса, бошинг осмонга етаркан. Совға ёки моддий ёрдам ўз йўлига-ю, бир оғиз ширин каломнинг ўрни бошқачада, – дейди узоқ йиллар кутубхонада ишлаб нафақага чиққан Фотимахон Дадажонова. – Шундай эзгу анъаналари бор юртда яшаётганимдан мамнунман. Илоҳим, юртимиз тинч, юртбошимиз омон бўлсин.
Йўқловлар пайтида бундай дуолар, миннатдорлик изҳорлари кўп бора айтилди. Мунгли кўзлар қувончдан порлади, бемор вужудларга куч-ғайрат кирди гўё.

– Умримнинг ярми шифохонада ҳамширалик билан ўтди. Тақдирнинг турли зарбаларини кўрдим, лекин фуқаросини ташлаб қўймайдиган шундай юртда яшаш завқи ҳамиша далда бўлди. Байрам барчага муборак бўлсин, – дейди кўзларига ёш олганча Боқияхон опа.
Лойиҳа доирасида яна қатор хонадонларга борилди, совғалар улашилди, шеър-қўшиқлар ижро этилди. Бир сўз билан айтганда, қалбларга байрам кайфияти олиб кирилди. Тадбирлар шаҳар-туманларда давом этмоқда.
Н.Бозорова, ЎзА