1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
- Президентимиз эндиликда ўқитувчилар минг АҚШ доллари миқдорида маош олишини айтганида мен ҳам ана шундай устозлар сафида бўламан деб мақсад қилгандим. Тинимсиз меҳнатларим, ўқиб-изланишларим эвазига миллий ва халқаро сертификатлар эгаси бўлдим ва мақсадимга етдим, - дейди шерободлик ўқитувчи Шерзод Алламуродов.
Инглиз тили фани ўқитувчиси, олий тоифали устоз Шеробод туманидаги 56-умумтаълим мактабида 19 йилдан буён фаолият юритиб келади. Минглаб ўқувчиларга таълим бериб, бугун нафақат жамоаси, балки туман ва вилоятдаги таълим соҳаси вакиллари орасида ҳам ўз ўрнига эга бўлган Шерзод аканинг 6 нафар ўқувчиси жорий йилда халқаро сертификатларни қўлга киритиб, олийгоҳ талабаси бўлди.
Қолаверса, устоз ўқувчиларидан иборат жамоа «Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб» кўрик-танловининг туман босқичида биринчи, вилоят босқичида эса 3-ўринни қўлга киритиб, жами 250 миллион сўм пул мукофоти эгаси бўлди. Ушбу маблағнинг бир қисми мактабнинг моддий-техник базасини янада яхшилашга хизмат қилди.
[gallery-13749]
Бир сўз билан айтганда, Шерзод Алламуродов касбидан камол топган устоз. Ўқувчилари билан суҳбатда бўлганимизда улар устозларининг ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиб, бир дақиқа вақтни ҳам зое кетказмаслигини эътироф этишди. Ўғил-қизлар орасида Шерзод акага ҳавас қилиб, ўқитувчи бўлишни ният қилганлар ҳам бор экан.
Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА